Вазирлар Маҳкамасининг 21.08.2025 йилдаги "Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда ваучер асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини жорий қилиш тўғрисида"ги 527-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 17.01.2025 йилдаги "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-12-сон қарорига мувофиқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси асосида ишсиз аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилмоқда.
Бунда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бор шахсларга, шунингдек муддати уч ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.
Стипендияларни тўлаб бориш туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали амалга оширилади.
Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:
- ишсизлар, шу жумладан, "Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини ваучер тизими асосида қоплаб бериш тартиби;
- ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотлари реестрини шакллантириш;
- ваучер бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ваучер тизими асосида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби.
Таълим ва фан вазирлиги "ecosys.mehnat.uz" тизимида ишсизларни ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотларининг электрон реестрини юритади. Шу ерда мазкур таълим ташкилотларига қўйиладиган талаблар эълон қилинади.
Таълим ташкилотлари ваучер тизимидан фойдаланиш учун электрон реестрда рўйхатдан ўтишлари шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова