Президентнинг 09.02.2026 йилдаги "Оғир маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-51-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 05.02.2026 йилдаги ПҚ-49-сон қарорга мувофиқ қабул қилинган ва "оғир" маҳаллалар аҳолиси учун барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилган. Бундай ҳудудларнинг 903 тасида 300-500 кВт/соат қувватга эга кичик қуёш электр станцияларини ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, улар даромад келтирувчи активлар сифатида қаралади.
Лойиҳа Энергетика вазирлиги томонидан Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ҳисоби Энергетика вазирлигининг алоҳида ғазна ҳисобварағида юритилади.
Тегишли вазирликлар бир ой муддатда станцияларни лойиҳалаштириш, давлат экспертизасидан ўтказиш, пудратчиларни танлаш, қуриш, ишга тушириш ва бошқариш тартибини, шунингдек, электр энергиясини сотишдан тушган даромадларни тақсимлаш механизмини тартибга солувчи алоҳида президент қарори лойиҳасини киритсин.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига станциялар қуриш учун ер участкаларини белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш топширилди. Экологик экспертиза ва кадастрни расмийлаштириш бепул амалга оширилади.
2026 йил якунига қадар Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бажарилган ишларни қайта ҳисоб-китоб қилади ва зарур ҳолларда лойиҳани қўшимча молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.02.2026 йилдан кучга кирди.



