Президент 22.12.2025 йилдаги "Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-254-сон Фармонни имзолади.
2030 йилгача капитал бозорини ривожлантиришнинг мақсадли йўналишлари:
- фонд бозорига камида 1 млрд доллар инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан камида 5 трлн сўмлик корпоратив облигацияларни чиқариш ҳисобига;
- соҳада фош этилган ва бартараф этилган ҳуқуқбузарликлар улушини 85 фоизга етказиш;
- молиявий ҳисоботлар, компаниялар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ва муҳим фактларни мажбурий ошкор қилиш даражасини 95 фоизгача ошириш.
Капитал бозоридаги "Тартибга солиш қумдони"
Ҳужжат билан капитал бозорида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўзда тутади, хусусан:
- "Тартибга солиш қумдони" фаолият кўрсатишининг муддатсиз даврини белгилаш;
- мамлакат резидентларига қуйидаги имкониятлар билан "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси мақомини олиш ҳуқуқини бериш:
– хорижий валютадаги маблағларни ташқи бозорларга чиқмасдан жалб қилиш имкониятини яратишга қаратилган маҳаллий фонд бозорида хорижий валютада облигациялар чиқариш, шунингдек, улар бўйича фоизли даромадларни сўндириш ва тўлашни амалга ошириш;
– қимматли қоғозларни бир вақтнинг ўзида маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида жойлаштиришни назарда тутувчи икки томонлама листинг операцияларини амалга ошириш;
- фуқароларни фонд бозорига жалб қилиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фонд бозорининг маҳаллий майдонларида хорижий эмитентлар, шу жумладан АҚШ (Dow Jones, S&P 500, NYSE, Nasdaq), Буюк Британия (FTSE 100), Хитой (Hang Seng, Shanghai SSE), Япония (Nikkei) акциялари, облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари савдосини ташкил этиш;
- таъминотсиз ва ўз капиталидан ташқари облигациялар чиқариш ҳуқуқини бериш.
Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Фонд бозори иштирокчилари томонидан IOSCO тамойиллари ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда амалдаги қонунчилик нормаларига риоя этилиши учун бозорда назоратни кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилган:
- эмитентлар томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилишини, шу жумладан уларнинг шаффофлиги ва ахборотни ошкор қилиш даражасини баҳолаш имконини берувчи рейтинг тизими жорий этилади;
- қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун лицензия талаблари ва шартлари янгиланди, шу жумладан қуйидагилар назарда тутилган:
- профессионал иштирокчиларнинг устав капиталига қўйиладиган талабларни босқичма-босқич ошириш;
- ахборот-технологик жиҳозлашга қўйиладиган талаблар;
- қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг раҳбарияти ва мулкдорларига нисбатан малака талабларини кучайтириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш талаблари ва шартлари;
- фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш талаблари ва шартлари;
- Инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини хабардор қилиш тартибида ташкил этиш учун талаблар ва шартлар;
- "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича чет эл валютасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш қоидалари;
- фонд биржасининг тегишли платформасида ва инвестиция воситачисининг электрон платформасида молиявий инструментлар савдосини ташкил этиш ва уларнинг муомаласини "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида ташкил этиш имконини берувчи асосий қоидалар;
- Давлат рўйхатидан ўтказишни топширишда ҳужжатларни тайёрлаганлик учун қимматли қоғозлар эмитентлари томонидан тўланадиган йиғимлар миқдори ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



