Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Когда зачесть НДС по расходам под урожай будущего года - читать на buxgalter.uzКогда импортеру перейти на уплату налога на прибыль - читать на buxgalter.uzКак комиссионеру определить базу по налогу на прибыль - читать на buxgalter.uzКак отчитаться налоговому агенту по доходам нерезидентов - читать на buxgalter.uz

Кичик бизнес бўйича агентликнинг вазифалари белгиланди

21.01.2020

Читать на русском языке

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисида низом тасдиқланди (16.01.2020 йилдаги 28-сон ВМҚга қаранг).

 

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигини (кейинги ўринларда - Агентлик) ташкил этиш Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сон Фармонида (11-банд) назарда тутилган, Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПҚ-4417-сон қарори билан эса унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 28 нафардан иборат бўлган тузилмаси тасдиқланган.

 

Агентлик тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг табақаларини бизнес билан шуғулланишга жалб этиш, бошланғич капитал манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш тизимини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик - Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) таркибий бўлинмаси бўлган юридик шахс ҳисобланади ва унга ҳисобот беради. Вазирлик Агентлик фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди.

 

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;
  • ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан, сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хомашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этиш;
  • кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;
  • йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар - оралиқ товарлар ва хизматлар (хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан, тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этиш;
  • кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантириш;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;
  • бизнес омбудсман ва Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиш.

 

Агентликка Бош вазирнинг тақдимномаси бўйича Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор - иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари бошчилик қилади. Вазирлар Маҳкамаси директорнинг икки нафар ўринбосарини, шу жумладан биринчи ўринбосарини лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади.

 

Идора Давлат бюджети, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг қўшимча даромадларининг бир қисми, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

 

Агентлик бошқарув ходимларига нисбатан Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев.