Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартиби белгиланди (06.12.2025 й. АВ рўйхат рақами 3720-сон).
Ҳужжат суд қарори асосида наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Стационар шароитларда наркологик ёрдам Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, наркология диспансерлари, психоневрология муассасаларининг наркология бўлимлари, мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология шифохоналари, наркология диспансерларининг мажбурий даволаш учун мўлжалланган бўлимлари томонидан кўрсатилади.
"Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида"ги Қонунга кўра, наркологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари қонунийлик, махфийлик, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги, раҳмдиллик ва инсонпарварликдир.
Мажбурий даволаш наркологик касалликка чалинган, атрофдагиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, психотроп моддалар таъсирида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун бир йил давомида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилган ва мажбурий даволашга юборилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган шахсга нисбатан суднинг қарори асосида қўлланилади.
Шунингдек, мажбурий даволаш наркологик касалликка чалинган, диспансер кузатувида (диспансер ҳисобида) турган ва ихтиёрий даволанишдан бош тортган шахсга нисбатан қўлланилади.
Мажбурий даволашнинг давомийлиги тўғрисидаги масала наркология муассасаси раҳбари ва 2 нафар нарколог-шифокордан иборат таркибдаги тиббий комиссия томонидан беморлар муассасага тушган кундан бошлаб беш кун муддатда ҳал этилади.
Бунда гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш муддати 18 ойдан ошмаслиги керак.
Беморлар наркология муассасасидан:
- мажбурий даволаниш муддати тугагандан сўнг ва саломатликнинг клиник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда;
- мажбурий даволашга тўсқинлик қилувчи қўшимча оғир касалликлар аниқланганда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




