Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Кредит расмийлаштираётганда кафиллик ҳақида қайғуринг

27.09.2017

 

Вазирлар Маҳкамасининг 8.09.2017 йилдаги 704-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди (кейинги ўринларда – Жамғарма).

 

Аввал ёзганимиздек, Жамғарма томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш уч усул билан амалга оширилади:

  • кейинчалик кичик тадбиркорликни кредитлаш учун тижорат банкларига ресурслар ажратиш;
  • кичик тадбиркорлик субъектларига уларнинг банк кредитлари бўйича кафиллик бериш;
  • банклар фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш.

 

Молиявий ёрдам тасдиқланган схема бўйича кўрсатилади.

 

Кимга компенсация берилмайди

 

Компенсация банкларга банк, жамғарма ва кредит олувчи ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида тақдим этилади. Компенсация миқдори кредит расмийлаштирилган кунда белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва кейинчалик ўзгартирилмайди.

 

Компенсация қуйидагилар кўзда тутилган кредитлар бўйича тақдим этилмайди:

  • аввал олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
  • алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • савдо-воситачи ташкилотлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;
  • савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектлари қурилишини молиялаштириш;
  • таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш, шунингдек бошқа мақсадлар учун ускуналар харид қилиш.

 

Шунингдек, компенсация кредит тарихи ёмон бўлган (айниқса, кредитлар бўйича муддати ўтган қарзлар) ёки бюджетга ва коммунал тўловлари бўйича муддати ўтган қарзлари бўлган субъектларга, шунингдек муддати ўтган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари бўлган юридик шахсларга берилмайди.

 

Бундан ташқари Жамғарма қуйидаги ҳолатларда компенсацияни тўхтатиб туради:

  • фоизли харажатлари қопланадиган кредитдан мақсадсиз фойдаланилганда;
  • қарз олувчи тўловлар жадвалига мувофиқ банкка тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятларини 3 ой давомида кетма-кет бажармаганда;
  • қарз олувчининг банк ҳисоб рақамидаги маблағлари хатловга олинганда;
  • жорий кредитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик мавжуд бўлганда.

 

Жамғарма қачон кафиллик беради?

 

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган, тугатилиш босқичида бўлмаган, банкрот деб эълон қилинмаган, аввал олинган кредитлар ва солиқ тўловлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзи бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектларига Жамғарма кафиллик бериши мумкин.

 

Бундан ташқари, кафиллик расмийлаштирилиши учун қуйидаги шартларга мос келиш керак:

  • кичик тадбиркорлик субъекти лойиҳада ўзининг 25%дан кам бўлмаган улуши билан иштирок этса;
  • Жамғарма таъминоти остида бериладиган кредитлар мақсадли йўналтирилса;
  • аввал берилган кредитни ўз вақтида қайтармаслик, шунингдек банк кафиллигини бериш бўйича шартнома шартларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаган бўлса.

 

Кафиллик берилганлиги учун кичик тадбиркорлик субъектларидан миллий валютада МБнинг тўлов кунидаги курси бўйича кафолат суммасининг йиллик 3%и миқдорида воситачилик ҳақи ундирилади.

 

Жамғарманинг кафиллигини олиш истаги қуйидагилар илова қилинган кредит олиш учун аризада кўрсатилади:

  • қарз олувчининг амалга ошириладиган лойиҳа бўйича банк ҳисоб рақамига маблағ тушиш прогнози (пул оқими) кўрсатилган бизнес-режа (ТИА);
  • кредит олувчининг охирги ҳисобот давридаги тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим этилган бухгалтерлик баланси (1-сон шакл), шунингдек 90 кундан ошмаган муддатда қарздорлик бўйича қиёсий ҳужжатлар, молиявий натижалар ҳақида ҳисобот (2-сон шакл) — янги ташкил этилган юридик шахслар, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно;
  • кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этиладиган гаров тўғрисида ахборот;
  • тижорат банклари ва халқаро молия институтлари ўртасида кредит учун маблағ ажратиш тўғрисида (фақат қайд этилган ушбу институтлар ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича) тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳужжатлар.

 

Келиб тушган ҳужжатларни текшириб чиққандан сўнг банк филиали ўз хулосасини бош банкка юборади, у ўз навбатида зарур ҳужжатларни ва улар бўйича умумлаштирилган маълумотларни Жамғармага жўнатади. Масала ижобий ҳал этилган тақдирда банк филиали ва кредит олувчи ўртасида кредит шартномаси тузилади, Жамғарма, кредит ажратувчи банк ва кредит кафили ўртасида эса – кафиллик шартномаси имзоланади.

 

Қарз олувчи кредитни қайтарганда ва кредит бўйича ўз мажбуриятларини имкон қадар камайтирганда, биринчи навбатда, Жамғарма кафиллигидан кредит бўйича қайтарилган суммага мутаносиб равишда озод этилади (таъминотдан чиқарилади). Гаров мол-мулки Жамғарма таъминоти тўлиқ қопланганидан сўнг озод этилади.

 

Илгари кўрилган чора-тадбирлар муваффақиятсиз бўлган тақдирда (қарздорга ёзма талабномани юборши; тадбиркорнинг ҳисоб рақамидан униг фармойишисиз маблағни ҳисобдан чиқариш; ундирувни гаров мол-мулкига йўналтириш ва таъминотга талаблар қўйиш) банклар Жамғармага талаблар қўяди.

 

Кафиллик бўйича тўловларни тўлаш Жамғармага банк билан биргаликда харажатларни қарз олувчининг бошқа ликвид мулки ҳисобидан регресс тартибда, жумладан, судга мурожаат қилиш орқали қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини беради.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.  

 

 

Олег Заманов,

экспертимиз.

 

Курс валют

2018-07-17
  • USD:7787.81 (--25.61) сум
  • EUR:9100.06 (--76.80) сум
  • RUB:124.54 (+0.35) сум