Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как устранить «уязвимость» персонального кабинета налогоплательщика Какими бухгалтерскими проводками отражаются расчеты с поставщиками и подрядчиками Какие налоговые последствия возникают при экспорте товаров

Курьерлик хизматига талаблар белгиланди

24.06.2025

Читать на русском языке

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (18.06.2025 й. АВ рўйхат рақами 3631-сон).

 

Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2024 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 885-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

Низом электрон тижорат доирасида курьерлик хизматлари фаолиятининг тартибини белгилайди ва ушбу соҳада ягона ҳуқуқий меъёрларни жорий этади.

 

Шунингдек, ҳужжат билан етказиб бериш занжирида иштирок этувчи курьерлик хизматлари операторлари ва курьерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, истеъмолчиларга товарларни тез ва хавфсиз етказиб беришга қўйиладиган талаблар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларига оид талаблар белгиланган.

 

Товарларни етказиб бериш хизматларига буюртма харидор ёки сотувчи томонидан электрон тижорат операторининг ахборот тизими орқали ёки иштирокчилар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бошқа усулда расмийлаштирилади. Товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатиш шартлари (етказиб бериш муддатлари, нархи, усуллари, ҳудуди ва ҳ.к.) буюртмани расмийлаштириш вақтида харидорга маълум қилиниши керак.

 

Етказиб бериш хизматларининг асосий тамойиллари:

  • ишончлилик – етказиб бериш пайтида товарнинг бутлиги, унинг истеъмол хусусиятлари ва ташқи кўринишининг сақланишини таъминлаш;
  • ўз вақтида етказиш – харидор билан келишилган етказиб бериш муддатларига риоя қилиш. Бунда харидор ҳар қандай кутилаётган ёки ҳақиқий кечикишлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиниши керак;
  • хавфсизлик – товар ва курьер хавфсизлигини таъминловчи барча қоидаларга риоя қилиш;
  • ахборот бериш – харидорга етказиб бериш ҳолатини кузатиш (техник жиҳатдан мумкин бўлса) ва куръернинг тахминий келиш вақти тўғрисида маълумот олиш имкониятини таъминлаш.

 

Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:

  • озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари, термоконтейнерлар (термосумкалар) ва қадоқлаш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши, шунингдек мунтазам дезинфекция қилиниши керак;
  • қадоқлаш материаллари озиқ-овқат маҳсулотлари  бевосита тегиб туришига рухсат берилган материаллардан тайёрланган бўлиши ва ифлосланишдан ҳамда ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг киришидан ҳимояни таъминлаши керак.

 

Таъкидланишича, Низом электрон тижорат иштирокчилари – сотувчилар, харидорлар, электрон тижорат операторлари, етказиб бериш хизматлари операторлари ва курьерлар ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлашга, хавфсиз, сифатли ва стандартларга мос етказиб бериш тизимини йўлга қўйишга хизмат қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.06.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова