Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Лицензия олиш учун – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига

15.04.2019

Читать на русском языке

Президентнинг 10.04.2019 йилдаги ПФ–5707-сон Фармони билан 2019–2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

 

Биринчидан, энди дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишдан ташқари, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, балки ушбу идора ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (бундан кейин – Агентлик) беради. Аввал берилган лицензиялар амал қилиш муддати тугагунга қадар амалда бўлади.

 

Шунингдек Агентликка Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини (бундан кейин – дори-дармонлар) ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси устидан назоратни амалга ошириш функциялари берилди. «O'zmedimpeks» ДУК эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтди.

 

Агентликнинг янги вазифалари белгиланди, улардан бири – фармацевтика тармоғини, шу жумладан фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш йўли билан давлат томонидан бошқариш.

 

Иккинчидан, 2019 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар, синов тариқасида, дори-дармонларни давлат томонидан харид қилишда икки ва ундан ортиқ иштирокчилар –аналогик маҳсулотни (халқаро патентланмаган номи бўйича) миллий ишлаб чиқарувчилари мавжуд бўлган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори-дармонларни етказиб бериш тўғрисидаги барча буюртмаларни рад этади.

 

Учинчидан, «in bulk» маҳсулоти (қадоқлаш, ўраш ва маркировкалаш босқичларидан ташқари тўлиқ хорижда ишлаб чиқарилган) асосида ишлаб чиқариладиган дори-дармонларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтириш, шунингдек уларни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш аналогик миллий маҳсулотни ички бозор эҳтиёжини таъминлайдиган ҳажмда ишлаб чиқарувчи бўлмаган тақдирда амалга оширилади. 

 

Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси дори-дармонлар миллий ишлаб чиқарувчиларига тижорат банклари кредитлари бўйича кредит суммасининг 50%игача, аммо 10 млрд сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағга кафиллик беради.

 

Бешинчидан, 2022 йилнинг 1 январига қадар:

  • фармацевтика маҳсулотларининг клиниколди тадқиқотларини амалга оширувчи барча лабораториялар – Зарур лаборатория амалиётининг (GLP);
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник тадқиқотлар ўтказувчи барча клиник базалари – Зарур клиника амалиётининг (GCP);
  • фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар – Зарур ишлаб чиқариш амалиётининг (GMP);
  • Фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи барча маҳаллий корхоналар – Зарур дистрибьюторлик амалиётининг (GDP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.

 

Олтинчидан, Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Унинг маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:   

  • фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкиллаштириш учун Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш;
  • республикада ишлаб чиқарилмайдиган фармацевтика маҳсулотлари янги турларининг клиниколди ва клиник тадқиқотларини ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини 100 ЭКИҲ миқдорида қоплаш;
  • маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50%ини, улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг қоплаш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори-дармонларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган эквиваленти 1 млн АҚШ долларидан ошмаган кредитларнинг фоизлар бўйича харажатларини 2 йил мобайнида қоплаш ва б.

 

Еттинчидан, 2019–2021 йилларда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати тасдиқланди. У 10 та номланишдан иборат, улар орасида антибиотиклар, вирусларга қарши, иммунобиологик воситалар ва бошқалар мавжуд.

 

Саккизинчидан, 2019–2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

 

Тўққизинчидан, мамлакатимизда фармацевтика тармоғи мутахассисларини тайёрлаш бўйича етакчи хорижий олий ўқув юрти филиали ташкил этилади. 3 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.