Президент 5.01.2026 йилдаги "Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Мақсадлар ва устувор вазифалар:
- ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали маҳаллаларда жиноятчиликни кескин камайтириш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш;
- илмий ёндашувлар асосида уларнинг асл омилларини таҳлил қилиш орқали оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятлар ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича янги иш механизмларини жорий этиш;
- ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар бўйича мурожаатларга бевосита жойларда тезкор жавоб бериш тизимини яратиш.
Президентнинг 03.01.2025 йилдаги ПҚ-1 сонли қарорида белгиланган механизмларга мувофиқ ишларни давом эттириш, маҳалла ҳудудида аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш орқали олдини олиш мумкин бўлган ҳар бир жиноят учун маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш устувор вазифалар сирасига киради.
Шунингдек, "илмий хулоса – тавсия – натижа" тамойили асосида жойларга чиққан ҳолда оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятлар бўйича мақсадли илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Ташкилий-профилактик чора-тадбирлар
2026 йилда муайян ҳудудлар масъул раҳбар ва муассасаларга қуйидаги тартибда бириктирилади:
- криминоген вазият оғир бўлган маҳаллалар – туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
- беш йил давомида "қизил" тоифада бўлган маҳаллалар – Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари ва вилоят даражасидаги ҳоким ўринбосарларига;
- уч йил давомида "қизил" тоифада қолаётган маҳаллалар – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг таълим ва илмий ташкилотларига;
- криминоген вазият энг оғир бўлган туман ва шаҳарлар – вилоят даражасидаги прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига;
- хотин-қизлар, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилувчилар ҳамда низоли оилалар ўртасида жиноятчилик энг кўп содир этилган маҳаллалар – тегишинча вилоят даражасидаги оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ва адлия бошқармалари бошлиқларига.
Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 07.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



