Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Облагается ли НДС экспорт товаров на безвозмездной основе План главбуха на октябрь 2021 года Как учитывать передачу права на использование нематериальных активов Почему сервис «Проверить мой статус» показывает разный результат. И что с этим делать

Маҳаллий пудратчилар Электрон ҳукуматни ривожлантириш учун буюртмаларнинг камида 30%ини олади

12.09.2017

Президентнинг 29.08.2017 йилдаги ПҚ–3245-сон «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. Унинг матни давлат раҳбарининг расмий сайтида жойлаштирилган.

 

Ягона интегратор ташкил этилди

 

«Ўзинфоком» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази негизида Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ташкил этилди (кейинги ўринларда – Ягона интегратор).

 

Ягона интеграторнинг асосий вазифалари:

 

а) «Электрон ҳукумат» тизимида ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий маҳсулотларнинг, иқтисодиёт тармоқларида  IT-технологияларнинг ишлаб чиқилиши, жорий этилиши ва интеграциялашувини, аппарат-дастурий комплексларнинг ўрнатилишини ҳамда тегишли лойиҳа ва техник  ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини таъминлаш;

 

б) аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини такомиллаштириш;

 

в) мамлакатимиз корхоналари ва ташкилотларини «Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларига жалб этиш ва иқтисодиёт тармоқларида  IT-технологияларини жорий этиш ҳисобига АКТ ва дастурий маҳсулотларнинг маҳаллий бозори ривожланишига кўмаклашиш (Ўзбекистон ишлаб чиқувчилари буюртмаларнинг камида 30%ига эга бўлади);

 

г) «Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмасининг, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхона ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларининг технологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

д) идоралараро электрон ҳамкорлик ва давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот алмашишнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимининг ишлаши доирасида ахборот тизимлари ва тармоқларини жорий этиш (ушбу тизим ҳақида батафсил – бу ерда);

 

е) халқаро стандартларга мувофиқ юқори технологияли хизматлар ва маҳсулотлар  кўламини кенгайтириш ҳисобига АКТ ва дастурий маҳсулотлар маҳаллий бозорининг экспорт салоҳиятини ошириш.

 

Ягона интегратор хўжалик фаолиятининг алоҳида тартиби ўрнатилди. Унга лицензия ҳамда рухсат берувчи ҳужжатларсиз телекоммуникация соҳасида фаолият кўрсатиш ва ўқув курслари ташкил этишга рухсат берилди. Хўжалик юритувчи субъектлар билан лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, ахборот тизимлари, ресурс ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича пудрат ва субпудрат ишларни бажаришга шартномаларни тузиш эса энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бундан ташқари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга Ягона интегратор билан тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан худди шундай шартномаларни тузиш ҳуқуқи берилди.

 

Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш учун «Хавфсиз шаҳар» комплекси жорий этилади

 

Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказига айлантирилди. Айнан шу марказ «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш билан шуғулланади. У ИИО, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимлари, ведокузатув, ҳуқуқбузарликларни қайд қилиш, объектларни қўриқлаш, эҳтимолий хавфларга барвақт ҳаракат қилиш ва улар тўғрисида хабар бериш, интеллектуал таҳлилий датчиклар тизимларини ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўйича бошқа тизимларни, навбатчи диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини интеграциялашни назарда тутади.

 

Молиялаштиришнинг янги манбалари ажратилди

 

1.01.2018 йилдан бошлаб АҚТни ривожлантириш жамғармасига мобиль алоқа операторларининг абонент рақамидан фойдаланганлик учун 70% тўлови «Электрон ҳукумат» ва IT-технологиялар тизимини жорий этиш  ва ривожлантириш учун инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишга мақсадли фойдаланиш учун йўналтирилади. Хусусан маблағлар жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг алоҳида таркибий бўлинмалари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

 

Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолиятини, унинг ходимларини қўшимча рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, шунингдек моддий-техник таъминлашни молиялаштириш «Хавфсиз шаҳар» комплексидан фойдаланган ҳолда аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималарнинг 10%и ҳисобидан, етишмаётган қисми эса – АКТни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

ЯИДХП орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун давлат божлари ва йиғимлар суммасининг 10%и миқдоридаги маблағлар ЯИДХПни ривожлантириш бўйича фаолиятни ва вазирлик ходимларини қўшимча рағбатлантиришни молиялаштириш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.