Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар – электрон шаклда

14.07.2021

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 8.07.2021 йилдаги «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги 431-сон қарор қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 5.10.2020 йилдаги «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сон ҳамда 24.11.2020 йилдаги «»Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. 

 

Қарор билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими (кейинги ўринларда – «E-ma'muriy ish» тизими) орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди.

 

Низомда қуйидагилар назарда тутилади:

  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш ҳамда уларни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларига (кейинги ўринларда – ваколатли органлар) электрон шаклда юбориш тартиби;
  • ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, жабрланувчи, гувоҳ ва холислар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва таҳлил қилиш қоидалари;
  • ваколатли органлар ўртасида идоралараро ахборот алмашишнинг ягона марказлаштирилган электрон тизимини юритиш тартиби;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ваколатли органлар томонидан жойида планшет ва компьютер ёрдамида расмийлаштириш тартиби;
  • маъмурий баённома ва маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни электрон шаклда расмийлаштириш қоидалари.

 

Ички ишлар вазирлиги «E-ma'muriy ish» тизимини ташкил этиш, унинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича масъул орган ҳисобланади.

 

Қуйидагилар белгиланди:

  • «E-ma'muriy ish» тизимини юритишда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар гувоҳ, жабрланувчи, холис ва ҳуқуқбузарнинг шахси электрон рақамли имзодан (бармоқ изи ёки график имзодан) фойдаланган ҳолда идентификация қилинади. Ишни кўриб чиқаётган ваколатли органларнинг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва ишга тааллуқли ҳужжатлар QR-код билан тасдиқланади;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органлар томонидан текшириш, зарур маълумотларни олиш ва улардан фойдаланиш «E-ma'muriy ish» тизими орқали амалга оширилади;
  • «E-ma'muriy ish» тизимидаги маълумотлар ваколатли органларнинг мансабдор шахслари фойдаланадиган маълумотлар ҳисобланади ҳамда улар ушбу маълумотлар билан фақат қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун танишиши ва фойдаланиши мумкин.

 

2021 йил 1 сентябрга қадар Молия вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, МБ, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ билан биргаликда суд қарори билан ёки бошқа сабабларга кўра бекор қилинган маъмурий жарималарни ёки камайтирилган жариманинг фарқи суммасини автоматлаштирилган тарзда фуқароларга қайтариш механизмини яратиш топширилди.

 

Шунингдек 2021 йил 1 сентябрга қадар Транспорт вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда «E-ma'muriy ish» тизимидан фойдаланган ҳолда автотранспорт воситаларини жарима майдончаларига қўйиш ва уларни чиқариш тартибини электрон форматга ўтказиш топширилди. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.07.2021 йилдан кучга кирди.


 

Наргиза Воҳидова.