Президент томонидан 23.05.2025 йилдаги «Мамлакатимизда қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-191-сон Қарор имзоланди.
Ҳужжат билан Миллий қайта суғурта компанияси - «O'zbekiston qayta sug'urta kompaniyasi» ташкил этилмоқда. Ташкилорт фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагича:
- суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ барча қайта суғурта қилиш турларини амалга ошириш;
- хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг республика иқтисодиётига киритадиган тўғридан-тўғри ва портфель инвестицияларининг ҳамда инвестиция лойиҳалари бўйича таваккалчиликларнинг комплекс қайта суғурта ҳимоясини таъминлаш;
- хорижий мамлакатларнинг суғурта ва қайта суғурта компаниялари билан қайта суғурта масалаларида ҳамкорлик қилиш ва қайта суғурта операцияларини амалга ошириш.
Маълумот учун: қайта суғурта — суғурта шартномаси бўйича қабул қилинган суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш таваккалчилигини бошқа суғурталовчи (қайта суғурталовчи) билан тузилган қайта суғурта шартномасига мувофиқ суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан тўлиқ ёки қисман суғурта қилиш.
Компаниянинг устав капитали 300 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади, шундан 50% давлат улуши, 50% хусусий инвесторлар улуши ҳисобланади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қайта суғурта қилдирувчилар суғурта воситачилари иштирокисиз, шунингдек, суғурта (қайта суғурта) брокерлари суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятлари бўйича қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) ваколатли давлат органи таъсисчилигида ташкил этилган қайта суғурта ташкилотларига юбориши, кейинчалик (рад этилган ҳолатда ёки қолган қисмини) республика ҳудудида қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.05.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев