Президентнинг 16.01.2018 йилдаги Ф–5182-сон фармойиши билан Молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни танқидий ўрганиш ва тайёрлаш бўйича ишчи комиссия ташкил этилди.
Комиссияга Бош прокурор ўринбосари Б.Мавлонов бошчилик қилди. Давлат раҳбари 3 та идора ишидаги асосий камчиликларни белгилади:
- Молия органлари – жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжларини ҳисобга олмасдан ижобий молиявий-иқтисодий кўрсаткичларга эришишни мўлжаллайдилар. Бу реал бозор муносабатларига тўлақонли ўтишга ва иқтисодиётни бошқаришнинг замонавий принципларини жорий этишга тўсқинлик қилади;
- Солиқ органлари – улар ишидаги камчиликлар солиқ солинадиган базани кенгайтириш ҳисобига солиқ юкини камайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини таъминлаш, солиқ тўловчилар, айниқса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини бермайди;
- Божхона органлари – уларнинг ишида қоғозбозлик ва сансалорлик, фаолиятнинг очиқ юритилмаслиги, божхона таомилларининг замонавий шаклларини жорий этиш муддатларини асоссиз равишда чўзиш ҳолатлари кенг тарқалган. Бу мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини пасайтиради, шунингдек унинг нуфузига ва етакчи халқаро ташкилотлар баҳолашидаги рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатади.
3 кунлик муддатда комиссия ишчи гуруҳлари таркиблари ва танқидий ўрганишнинг батафсил режа-жадвали тасдиқланади. Натижаларга кўра 15.04.2018 йилгача Президент девонига молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилади.
Ишчи комиссия қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратади:
- бошқарув ва назорат, шу жумладан фаолиятни режалаштириш ва комплекс таҳлил қилиш тизими самарадорлиги, хусусан, мазкур органларнинг барча даражадаги ходимлари хизмат юкламаси ва бажараётган иш ҳажми, идора ичидаги механизмлар ва ташқи назоратнинг амалий таъсирчанлиги;
- вазифалар ва функциялар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда молия, солиқ ва божхона органлари жавобгарлик соҳаларининг долзарблиги, замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқлиги;
- қабул қилинаётган қарорларнинг бажарилишини тезкор кузатиш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш имконини берувчи ахборот-коммуникация тизимлари кенг жорий этилиши ҳисобига штатдаги ходимлар сонининг мақбуллаштирилиши;
- бюджетнинг даромад қисми, шу жумладан якка тартибдаги имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиш, солиқ ва божхона тўловлари тушумининг қўшимча ва асосланган захираларини излаш, хўжалик жамиятлари устав фондларидаги давлат улушидан дивидендлар ҳисобига оширилиши;
- минимал харажатлар ҳисобига юксак натижаларга эришишнинг хорижда кенг қўлланиладиган илғор ва синалган усулларини инобатга олган ҳолда ишлаш механизмларининг қайта кўриб чиқилиши;
- ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бюрократик таомиллар ва бошқа тўсиқларнинг бартараф этилиши, экспорт-импорт операцияларини божхонада расмийлаштириш муддатлари ва қийматининг асосланиши;
- молия, солиқ ва божхона қонунчилигининг халқаро принциплар ва стандартлар билан бирхиллаштирилиши ва уйғунлаштирилиши;
- божхона инфратузилмаси, шу жумладан божхона постлари самарадорлиги ва уларнинг моддий-техник жиҳозланганлик даражаси, божхона таомилларини сифатли ва тезкор амалга ошириш учун зарур юқори технологик асбоб-ускуналарнинг мавжудлиги, божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида иккита коридор тизимининг йўлга қўйилиши;
- солиқ ва божхона органлари фаолиятига солиқ ва божхона назоратини амалга оширишнинг илғор шакллари ва усуллари жорий этилиши;
- давлат хизматларини кўрсатиш тизимининг, шу жумладан молия, солиқ ва божхона органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан алоқасиз ҳамкорлик қилиш шаклларини жорий этиш йўли билан яхшиланиши;
- кадрларни тайёрлаш тизимининг ташкил этилганлиги, молия, солиқ ва божхона органларининг малакали мутахассислар билан таъминланганлиги;
- молия, солиқ ва божхона органлари ходимларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш механизмларининг, шу жумладан улар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш ва ижтимоий ҳимоялаш чораларини кучайтириш йўли билан такомиллаштирилиши.
Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.