Вазирлар Маҳкамасининг 18.08.2026 йилдаги «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 447-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 03.08.2026 йилдаги «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-288-сон қарорига мувофиқ, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Марказларга жойлаштириш муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг бевосита мурожаати ҳамда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга муҳтожлик ҳолатлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса асосида амалга оширилади.
Марказга жойлаштирилган шахслар дастлаб етти календарь кун ичида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс сифатида эътироф этилади.
Сўнгра уларнинг ижтимоий хизматларга эҳтиёжлари баҳоланади ҳамда индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Марказлар ижтимоий ходимларига «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг ижтимоий ходимлари учун белгиланган тоифаларга мувофиқ иш ҳақи ва мукофот тўланади, шунингдек фаолиятининг самарадорлиги баҳоланади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳокимликлар тасарруфидаги муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойлар давлат таъминотидаги ҳамда номида мол-мулки бўлмаган муайян яшаш жойига эга бўлмаган оилаларга устувор равишда ижара асосида берилади.
Бунда уйларнинг ижара ҳақи ҳар йил учун тасдиқланадиган мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда белгиланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 19.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





