Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Что делать со скидкой при возврате товара Как оформить сверхурочную работу Введут ли в Узбекистане разные ставки НДС? Почему налоговые органы могут пересчитать авансовые платежиГНК разъяснил, как формировать прочие доходы в отчете по налогу с оборота Утверждено новое положение о выпуске и обращении банковских карт

Наркологик касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш тартиби ўзгартирилади

30.10.2020

Читать на русском языке

 

27.10.2020 йилдаги «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги ЎРҚ-644-сон Қонун эълон қилинди. Ҳужжат 3 ой ўтгач кучга киради ва амалдаги «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги Қонуннинг ўрнини эгаллайди.

 

Қонунда Ҳукумат, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ ҳамда маҳаллий ижро этувчи органларнинг наркологик ёрдам соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Наркологик касалликлар профилактикасида таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва таълим муассасалари, меҳнат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам иштирок этади.

 

Профилактика мазкур ҳолатда чора-тадбирлар комплекси сифатида қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • бирламчи профилактика – психоактив моддаларни истеъмол қилишга биринчи марта уринишнинг олдини олиш;
  • иккиламчи профилактика – қарамлик шакллангунига қадар истеъмол қилишни тугатиш;
  • учламчи профилактика – наркологик касаллик авж олишининг ҳамда унинг ижтимоий-тиббий салбий оқибатлари юзага келишининг олдини олиш.

 

Аҳолига наркологик ёрдам қуйидаги муассасаларда кўрсатилади:

а) давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли муассасаларида. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида наркология диспансерлари ташкил этилади. Бунда қуйидагилар томонидан ёрдам кўрсатилади:

  • амбулатория шароитларида – туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари;
  • стационар шароитларда – Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, наркология диспансерлари, психоневрология муассасаларининг наркология бўлимлари, мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология шифохоналари, наркология диспансерларининг мажбурий даволаш учун мўлжалланган бўлимлари;
  • ўткир заҳарланишда – ҳудудий шошилинч тиббий ёрдам марказлари;

 б) «Наркология» ихтисослиги бўйича лицензияга эга бўлган хусусий тиббий муассасалар.

 

Наркологик ёрдам, шу жумладан профилактика ва диспансер назорати (ҳисобга қўйиш), даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартиби батафсил қайд этилган. Ихтиёрий тартиб – касалликка чалинган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги билан ҳамда ёрдам рад этилган тақдирда, мажбурий даволаш тартиби белгиланган.

 

Мажбурий даволаш наркологик касалликларга чалинган, атрофдагиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини бузаётган, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун бир йил ичида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан суднинг қарори асосида қўлланилади. Механизм бир неча босқичдан иборат:

  • мажбурий даволашга юборилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш – ҳудудий ички ишлар органининг бошлиғи томонидан ИИВ тасдиқлаган шаклда чиқарилади ва ҳуқуқбузарга эълон қилиниб, огоҳлантиришнинг кўчирма нусхаси топширилади ҳамда бу ҳақда баённома тузилади;
  • шахсни мажбурий даволашга муҳтож деб топиш – ҳудудий наркология диспансерлари таркибида тузиладиган наркологик экспертизаларни ўтказиш учун ихтисослаштирилган тиббий комиссияларнинг тиббий хулосаси асосида амалга оширилади;
  • мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар наркология муассасалари, касалликка чалинган шахснинг оила аъзолари ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида ички ишлар томонидан тайёрланади;
  • шахсни мажбурий даволашга юбориш – қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилинади. Қарор ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради ва дарҳол ижро этилади. Қарор устидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин. Мажбурий даволашнинг давомийлиги наркология муассасасининг тиббий комиссияси томонидан белгиланади ва 18 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

 

Наркологик касалликка чалинган шахслар терапиядан ўтадилар:

а) мажбурий даволанишда бўлиш даврида – наркология муассасалари қошида ташкил этиладиган ёки саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарида ташкил этиладиган меҳнат терапиясидан ўтилади. Бу ҳақда меҳнат дафтарчасида тегишли ёзув қайд этилади (меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда – маълумотнома берилади). Тўланадиган иш ҳақи қуйидагича тақсимланади: 35%и – наркология муассасасининг бюджетдан ташқари махсус ҳисобрақамига, қолган қисми солиқлар, алимент ва бошқа ушланмаларни чегириб ташлаган ҳолда меҳнат терапиясидан ўтаётган шахснинг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

б) мажбурий даволаш муддати тугаганидан кейин касаллик қайталанишига қарши терапиядан ўтилади. Бу мажбурий ҳисобланади, ундан бош тортилган тақдирда, шахс мажбурий равишда олиб келинади ва яшаш жойидаги наркология муассасаларига терапиядан ўтиш учун жойлаштирилади. Тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

Шунингдек ҳужжатда қуйидагиларни ўтказишнинг умумий жиҳатлари белгиланган:

биринчидан, наркологик экспертиза – наркология муассасаларида қуйидагилар асосида ўтказилади:

  • терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг қарори;
  • мажбурий даволанишга муҳтож бўлган шахсларга нисбатан ИИО ходимлари томонидан тайёрланган материаллар;

иккинчидан, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширув – наркология диспансерлари ёки бошқа даволаш-профилактика муассасалари тузилмасида ташкил этиладиган махсус кабинетларда нарколог шифокорлар ёки махсус тайёргарликдан ўтган бошқа ихтисосликдаги шифокорлар томонидан ўтказилади. Тиббий текширув натижаларидан норози бўлган шахслар натижалар устидан шикоят қилишга ҳақли.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 29.01.2021 йилдан кучга киради.

 

Олег Заманов.