Вазирлар Маҳкамасининг 03.05.2023 йилдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 183-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, дастурлар доирасидаги лойиҳалар бўйича овоз бериш ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида ўтказилади. 2023 йилда овоз бериш май ойида бўлиб ўтади.
Танлов жараёнлари уч босқичдан иборат:
- “Очиқ бюджет” порталида лойиҳалар тўпламини шакллантириш;
- шаклланган лойиҳалар тўпламини саралаш;
- олдинги босқичдан ўтган лойиҳалар бўйича овоз бериш.
Ғолиб маҳалла (қишлоқ)лар лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб аниқланади. Аҳоли сони оз бўлган маҳаллалар лойиҳаларига тегишли коэффициентлар қўлланилади.
Маълумот учун: ғолиб деб тан олиниши учун, лойиҳа тўплами камида 100 та овоз тўплаши лозим.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.05.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.