Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Одам савдосидан жабрланганлар қандай идентификация қилинади

20.08.2020

Читать на русском языке

 

Янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди (17.08.2020 йилдаги ЎРҚ-633-сон Қонунга қаранг). У ярим йилдан кейин кучга киради.

 

Қонунда асосий тушунчаларга батафсил таъриф берилди. Ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари санаб ўтилди. Соҳага жалб этилган ваколатли органлар сони оширилди: бир йил олдин ташкил этилган Миллий ва ҳудудий комиссияларнинг, шунингдек Миллий маърузачининг мақоми белгиланди, Ҳукуматнинг ваколатлари кўрсатиб ўтилди, ваколатли идоралар қаторига Бош прокуратура ҳам киритилди.

 

Қонунда икки босқичдан иборат одам савдосидан жабр кўрганларни идентификациялаш тартиби акс эттирилган.

 

Дастлабки идентификация ИИВ, Бош прокуратура, ДХХ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ТИВ, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади. Мазкур босқичда шахсни одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида маълумотларни олишга, ўрганишга ва баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинади. Муддат мурожаат (хорижда бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлардан ташқари) келиб тушган пайтдан бошлаб 5 суткадан ошмаслиги керак.

 

Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс вақтинчалик бошпана, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа зарур ёрдамларни олишга, шунингдек таржимон хизматларидан бепул фойдаланишга ҳақли. Унга жисмоний ва психологик жиҳатдан тикланиш ҳамда унга нисбатан содир этилган жиноят муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши учун 30 суткадан кам бўлмаган (мурожаат этилган пайтдан бошлаб) муддат берилади.

 

Ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификация зарурий ҳолатлар коллегиал белгиланиб, аниқлаштирилганидан кейин амалга оширилади. Натижалар бўйича шахсни одам савдосидан жабрланган деб тан олиш ёки тан олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда мурожаатларни кўриб чиқиш учун белгиланган муддатларга риоя этилиши лозим. Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашуви қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
  • вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитария-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа энг зарур ашёлар билан таъминлашни;
  • ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
  • ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларини излашида ёрдам кўрсатишни;
  • ижтимоий реабилитация ва мослашув, шахсларнинг одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларга такроран жалб этилишининг олдини олиш учун ишлаб чиқилган дастурларни ташкил этишни.  

 

Вояга етмаганлар савдосига қарши курашишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд:

биринчидан, бундай жиноятлар профилактикаси даврида қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  • болаларни тарбиялаш борасидаги ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни аниқлаш;
  • ғайриижтимоий ҳаёт тарзини кечираётган оилаларни ва давлат ҳимоясига муҳтож болаларни уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқлаш;
  • болалар уйларининг ва туғруқ комплексларининг фаолиятини мониторинг қилиш;

иккинчидан, идентификация махсус жиҳозланган хонада, қайд этишнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда, қонуний вакил ва (ёки) ҳомийлик ҳамда васийлик органининг вакили ҳозирлигида, руҳшунос албатта иштирок этган ҳолда, вояга етмаган шахснинг жинси, ёши ва бошқа ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади. Шахсни жабрланган деб тан олиш, шу жумладан жабрланган деб тахмин қилиш тўғрисидаги қарор:

  • 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан – унинг розилигидан қатъи назар;
  • 16 ёшга тўлган шахсга нисбатан – унинг ихтиёрий розилиги билан, қонуний вакилнинг ва (ёки) ҳомийлик ҳамда васийлик органи вакилининг, тегишли ихтисослаштирилган муассаса вакилларининг мурожаати асосида қабул қилинади;

учинчидан, вояга етмаган шахслар ихтисослаштирилган муассасаларга катталардан ажратилган ҳолда жойлаштирилиши, уларга таълим олиш, оиласи ёки қариндошлари билан алоқа боғлаш имконияти таъминланиши лозим. Вояга етмаган шахслар қонуний вакилларининг ҳомийлигисиз қолган бўлса ёки уларнинг турган ери тўғрисида хабардор қилинмаган бўлса, ота-онасини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни ёхуд бошқа қариндошларини қидириш чоралари кўрилади.             

 

ИИВ томонидан одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси ташкил этилади. Унга ишончли манбалардан одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, жабрланганлар, шу жумладан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахслар ҳақидаги ахборотлар (аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратиб кўрсатилади), шунингдек фойдаланиш турлари, жиноят содир этиш усуллари тўғрисидаги ва бошқа ахборотлар киритилади.   

 

Жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинган шахслар, уларга нисбатан содир этилган жиноятлар ва қўлланиладиган хавфсизлик чоралари ҳақидаги ахборотлар махфий ҳисобланади ва ошкор этилмайди. ОАВ жабрланган шахснинг розилигисиз унинг шахсини тўғридан-тўғри ёки бевосита кўрсатиб берувчи маълумотларни тарқатишга ҳақли эмас. Вояга етмаган шахсларга нисбатан эса ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги талаб этилади.

 

Маълумот учун: одам савдоси жиноий жазо қўлланиладиган жиноят ҳисобланади. Ишдаги ҳолатга қараб, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги максимал жазо қўлланилиши мумкин (ЖКнинг 135-моддасига қаранг).

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 19.02.2021 йилдан кучга киради.

 

Олег Заманов.