Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как приостановить аренду в период карантина – читать на buxgalter.uzДва монитора и другие лайфхаки по работе с "первичкой" – читать на buxgalter.uzГосорганы отвечают на вопросы по карантину – 2 – читать на buxgalter.uzКак продлить ЭЦП, «сидя на диване»

Оилавий тадбиркорлик учун боғ, токзорлар, иссиқхоналар қандай барпо этилади

10.02.2020

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2020 йилдаги «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 52-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 11.12.2019 йилдаги ПҚ-4549-сон қарори ижроси юзасидан тасдиқланди, унда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни тижорат банклари, лизинг компаниялари орқали аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш назарда тутилган.

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, шунингдек Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси сотувчилар сифатида чиқади. Туман ҳокимликлари уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, захирада турган ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ер майдонлари 10 йилгача муддатга вақтинча фойдаланиш шарти билан ажратилишини таъминлайди:

  • боғ, токзор барпо этиш учун – 10 гектардан (истисно ҳолларда – 5 гектардан)
  • иссиқхона қуриш учун – 3 гектардан кам бўлмаган.

 

Бундан ташқари, ҳокимликлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда юқорида айтиб ўтилган қишлоқ хўжалиги объектларини олишга талабгорлар рўйхатини шакллантиради. Республика фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари талабгор бўлиши мумкин.

 

Ер майдони ажратилгандан сўнг 10 кун муддатда сотувчи лизингга берувчи билан шартномани имзолайди, шунингдек тижорат банки билан қишлоқ хўжалиги объектларини тадбиркорларга кредитга сотиш учун битим тузади. Лизинг ёки кредитни расмийлаштириш шартлари қуйидагича: интенсив боғ ёки токзор – улар ҳосилга киргунга қадар (турига кўра) имтиёзли давр билан, иссиқхона – 1 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга берилади.

 

Объектни лизингга олаётган харидор лизинг шартномаси имзолангандан кейин 15 кун муддатда лизинг объекти қийматининг 20%дан кам бўлмаган миқдорида аванс тўлайди. Бундан кейин объект 10 кун муддатда харидорга қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида топширилади. Қолган сумма олди-сотди шартномасига биноан бўлиб-бўлиб тўланади. Лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг тўловлари тўлиқ тўлангандан кейин харидорга ўтади. 

 

Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ҳамда иссиқҳона қуриш лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан кредитлар белгиланган тартибда тақдим этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.