Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2026 йилдаги 525-сонли қарори билан «Битирувчи сифати индекси»ни жорий этиш ва унинг натижаларига кўра олий таълим муассасаларини рағбатлантириш тартиби тасдиқланди.
Индекс тўртта асосий кўрсаткич асосида ҳисобланади: битирувчиларнинг бандлик даражаси, уларнинг ишга жойлашиш барқарорлиги, ўртача ойлик даромади ва бандлик тоифаси. Ҳисоб-китобга ҳисобот йилида бакалавр ёки магистр даражасини олган битирувчилар киритилади.
Баҳолаш Таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан амалга оширилади. ОТМлар «амалий фанлар», «тиббиёт фанлари», «ижтимоий ва гуманитар фпанлар» ва «ижодий (спорт)» тоифалари бўйича тақсимланади. Ҳисобот йилида битирувчилар сони 200 нафардан кам бўлган таълим муассасалари алоҳида ҳисобга олинади ва қарорда назарда тутилган рағбатлантиришларга даъвогар бўла олмайди.
Индексни шакллантиришда ҳарбий хизматни ўтаётган, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган хорижий давлат хизматчилари бўлган битирувчилар тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олинмайди. Ҳисобот йили давомида фаолияти тўхтатилган ОТМлар ҳам якуний натижаларга киритилмайди.
Баҳолашни автоматлаштириш учун давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган рақамли платформа яратилади. У зарур маълумотларни автоматик тарзда йиғиш, текшириш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни таъминлаши лозим. Платформани 2026 йил 10 ноябргача, тегишли ахборот тизимлари билан интеграцияни эса 1 декабргача ишга тушириш режалаштирилган.
ОТМлар ўз натижаларини платформадаги шахсий кабинетлари орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади. Агар нотўғри ёки сохта маълумотлар ёхуд кўрсаткичларни сунъий равишда оширишга уринишлар аниқланса, олий таълим муассасаси жорий йил учун индекс натижаларидан чиқарилиши мумкин.
Индекс натижаларига кўра, энг самарали олий таълим муассасаларининг мақомини ошириш ва уларнинг Карьера марказларини молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган. Ҳар йили энг юқори кўрсаткичга эга бўлган 20 та олий таълим муассасаси давлат бюджетидан 500 млн сўмдан маблағ олиши мумкин.
Ушбу мақсадлар учун маблағлар 2027 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратилади, 2028 йилдан бошлаб эса бевосита Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Индекснинг жорий этилиши ОТМлар ўртасидаги рақобатни кучайтириш, уларнинг битирувчиларни ишга жойлаштириш натижаларига йўналтирилганлигини ошириш ва таълим жараёни самарадорлигини оширишни рағбатлантириш имконини бериши кутилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.10.2026 йилдан кучга кирди.





