Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2026 йилдаги 554-сон қарори билан илмий ишланмалар асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва хизматлар кўрсатадиган "спин-офф" корхоналарни ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат, шунингдек, ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича лойиҳаларни танлов асосида молиялаштиришни ҳам назарда тутади.
Ушбу чора-тадбирлар Президентнинг 04.04.2026 йилдаги ПФ-54-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш учун олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ҳузурида "спин-офф" корхоналар ташкил этилади.
Илмий-инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш учун олий таълим муассасаси ёки илмий ташкилотнинг корхона устав капиталидаги улуши камида 25 фоизни ташкил этиши керак. Шунингдек, асосланган бизнес-режа ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки хизматларнинг таъсисчи ишланмаларига асосланганлиги тасдиқланиши зарур. Устав капитали бюджетдан ташқари маблағлар, венчур фондлари, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳамда бошқа рухсат этилган манбалар ҳисобидан шакллантирилиши мумкин.
Реестрга киритиш учун аризалар электрон платформа орқали тақдим этилади. Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги 10 иш куни ичида техник экспертизадан ўтказади. Шундан сўнг ариза махсус кенгаш томонидан кўриб чиқилади.
Реестрга киритиш тўғрисидаги гувоҳнома ижобий қарор қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида берилади. У беш йил давомида амал қилади.
Реестрга киритилган ва патентланган илмий ишланмалар асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар ижтимоий солиқдан ташқари қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Патентланмаган ишланмалар асосида товарлар ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи корхоналар учун 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган даврда фойда солиғи ставкасини 50 фоизга камайтириш назарда тутилган.
Олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ўзларининг шўба корхоналарига биноларни тақдим этишлари, ер участкаларини беш йилгача ижарага беришлари, шунингдек, ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан уч йил ичида қайтариш шарти билан молиявий ёрдам кўрсатишлари мумкин бўлади.
Инвестиция даври давомида (5 йил) корхонадаги давлат улушини хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди, ҳужжатда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. У тугагач, улушни бошқа иштирокчиларга бозор нархида сотиб олиш таклиф этилади, рад этилган тақдирда эса оммавий кимошди савдосига қўйилади. Тушган маблағлар Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш таъсис фондига йўналтирилади.
Таълим ва фан вазирлиги икки ой муддатда корхоналар реестри – "спин-офф" юритилишини таъминлаши керак. Агентлик, шунингдек, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун танловларни мунтазам равишда ўтказиб боради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.10.2026 йилдан кучга кирди.





