Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
До 25 сентября надо сдать три отчета и уплатить налоги - читать на buxgalter.uzЧто еще нужно знать бухгалтеру при переходе на электронные счета-фактуры - читать на buxgalter.uzКого обследуют за III квартал - читать на buxgalter.uzЧто делать, если главбух уволился и не вернул ЭЦП - читать на buxgalter.uzКакие льготы есть по НДС при лизинге - читать на buxgalter.uzКак внедрение онлайн-ККМ и виртуальных касс повлияет на бухучет - читать на buxgalter.uz

Пахта ёғи акциз солиғидан озод қилинди

26.11.2018

Читать на русском языке

Техник чигит, пахта чигити шелухаси ва шротини реализация қилиш тартиби ўзгарди, пахта ёғига эса энди акциз солиғи солинмайди (21.11.2018 йилдаги ПҚ–4023-сон).

 

Президентнинг 17.01.2018 йилдаги «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3479-сон, шунингдек 29.12.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ–3454-сон қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

 

Техник чигит

 

Белгиланишича, харидор техник чигитни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига ва тегишли сертификатларга (мувофиқлик ва гигиена) эга бўлса, у мулкчилик шаклидан қатъи назар, маҳаллий корхоналарга биржа орқали сотилиши мумкин. Бунда чигитни такроран (кейинчалик), бироқ яна биржа орқали реализация қилишга рухсат берилган.

 

Эслатиб ўтамиз, илгари техник чигит сотиб олишда монополияга эга бўлган 23 та корхонани ўз ичига олган рўйхат амал қилар эди. Бунда уни фақат ушбу уруғликни ишлаб чиқариш жойида жойлашган корхоналарга сотишга рухсат берилар, вилоятлараро тақсимот эса фақат Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилар эди. Бу харидор монополиясини янада оширар эди.

 

Маълумот учун: маиший шароитда ва экстракция бўлими мавжуд бўлмаган кичик цехларда чигитни қайта ишлаш ва пахта ёғи ишлаб чиқариш амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва қонунга хилоф равишда чигитга қайта ишлов бериш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қатъий, ҳатто жиноий жазо чоралари қўлланилади (ЖКнинг 186-2-моддасига қаранг).

 

Пахта чигити шелухаси ва шроти

 

Шелуха ва шрот (чигитдан ёғ олинганидан кейин қоладиган қолдиқлар – таҳр.) энди биржа савдоларида эркин реализация қилинади.

 

Илгари пахта шроти (кунжараси) ва пахта чигити шелухаси биржа орқали ем-хашак сотиш бўйича туман ва вилоят бирлашмаларига, шунингдек омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига, қоракўлчилик ширкат хўжаликларига сотилар эди. Бунда чеклов амал қилган – бир савдолари натижаси бошланғич нархга нисбатан 15%дан ошмаслиги керак эди (18.11.2008 йилда 1870-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга қаранг). Бироқ 2018 йилнинг январидаёқ шрот ва шелухани сотиш бўйича «Озуқа ем таъминоти» МЧЖ корхоналарини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди (19.01.2018 йилдаги ПҚ–3484-сон). Энди нархни шакллантириш ва харидорлар доирасига оид чекловлар олиб ташланди.

 

Пахта ёғи

 

Пахта ёғи акциз солиғи солинадиган товарлар рўйхатидан чиқариб ташланди. Илгари акциз солиғи миқдори 1 тонна озиқ-овқат ёғи учун 459 724 сўмни ва техник мой (озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга яроқсиз бўлган) учун 252 887 сўмни ташкил этган.

 

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мўлжалланган пахта ёғини 10%дан ортиқ бўлмаган миқдордаги чакана устамани ўз ичига олган белгиланган нарх бўйича кейинчалик тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган улгуржи ва чакана корхоналарга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилиш тартиби бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ҳам давлат стратегик захираси учун белгиланган нархлар асосида ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пахта ёғини сотиб олган.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш бўйича йўл харитасида (19.01.2018 йилдаги ПҚ–3484-сон қарорга қаранг) ҳали ҳам пахта ёғини аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун қатъий белгиланган баҳода сотиш механизми назарда тутилган. Бундан ташқари, фуқароларнинг кўрсатилган тоифасига мўлжалланган пахта ёғи шарҳ эълон қилинган пайтда Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатига (ВМнинг 30.03.2018 йилдаги 249-сон қарорига 2-илова) киритилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.11.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Самир Латипов.