Вазирлар Маҳкамасининг 19.10.2026 йилдаги «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 576-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 26.06.2025 йилдаги ПФ-105-сон Фармони билан 2027 йил 1 январдан бошлаб Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳамда ғазначилик ва пенсия таъминоти тизимларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали ҳудудларда ихчам офисларни ташкил этиш назарда тутилган.
Бунда Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларида ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 штат бирлигидан иборат ихчам хизмат кўрсатиш офислари ташкил этилади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилнинг октябрь–декабрь ойларида тажриба-синов тариқасида Андижон, Самарқанд, Сирдарё вилоятларининг айрим шаҳарларида Пенсия жамғармасининг пенсияни тайинлаш, қайта ҳисоблаш, пенсия турини ўзгартириш ҳамда тўлашни ташкил этиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.
Тажриба ҳудудларининг барча ҳудудий бошқармаларида Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚ билан тасд.) мувофиқ пенсияни белгилаш ва тўлаш учун 3 кишидан иборат комиссия тузилади.
Тажриба-синов натижалари бўйича ушбу механизмни 2027 йил 1 январдан бошлаб бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 19.10.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





