Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:ИНСТРУКЦИЯ: как отражать код цифровой маркировки в ЭСФ и чеках онлайн-ККТ Инструкция: как оформлять ЭСФ при импорте услуг через комиссионера 82 товарных позиции освобождены от импортной таможенной пошлины Как определить цену сделки

Президент томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашишга доир чора-тадбирлар тасдиқланди

31.10.2020

Читать на русском языке

 

Президентнинг 30.10.2020 йилдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

 

Эслатиб ўтамиз, илгари биз ушбу ҳужжат лойиҳасини шарҳлаган эдик. Якуний матнга ишлаб чиқувчиларнинг ҳамма таклифлари ҳам киритилмаган. Шарҳимиз давомида имзоланган фармонда нималар акс эттирилганлиги ҳақида батафсил.

 

Ҳужжатдан келиб чиқиб, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди;

б) риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25%дан 13%гача пасайтирилади;

в) қурилиш корхоналари ҳисобот даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10%идан ошмаган ҳажмда (ижтимоий солиқ суммасини ҳисобга олмаганда) иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан муддатли равишда ишчилар ёллашга ҳақли. Бунда:

  • ташкилотлар белгиланган тартибда ЖШДС ва ижтимоий солиқнинг тўланишини таъминлаши ва ҳар ойда шартнома тузмасдан ёлланган ишчиларга тўланган нақд пул миқдорини кўрсатган ҳолда уларнинг реестрини солиқ органларига тақдим қилиб бориши шарт. Солиқчилар ушбу реестрлар асосида солиқ тўловчиларни автоматик равишда идентификация қилади ва тўланган ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисобга олинишини таъминлайди;
  • ходимларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар рўй берган тақдирда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилади.

 

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан махсус комиссия ва жойлардаги ҳудудий комиссиялар шуғулланади. 2021 йил 1 февралга қадар 2021-2025 йилларда яширин иқтисодиётни қисқартириш стратегиясини Президент Aдминистрациясига киритишлари керак. Уни вазирлик ва идоралар, хорижий, маҳаллий экспертлар ва бизнес ҳамжамияти биргаликда ишлаб чиқишади.

 

Бир ой муддатда солиқ текширувларини ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади. Тартиб-таомил анча содда, очиқ ва шаффоф бўлиши, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилиши керак. Хусусан, НКМлари ва тўлов терминалларидан фойдаланиш бўйича сайёр текширувлар солиқ тўловчилар кесимидаги чораклик режа-жадвал асосида амалга оширилади, текширув натижалари ва улар бўйича солиқ низоларини кўриб чиқиш натижалари эса - эълон қилиб борилади. Шунингдек, қуйидагилар белгиланди:

  • хўжалик юритувчи субъектларга корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан сотиб олишга рухсат берилди, бироқ бунда электрон ҳисобварақ-фактуралар ёки онлайн-НКМларининг чеклари мажбурий равишда олиниши лозим;
  • сайёр солиқ текширувлари, 2022 йил 1 январгача эса солиқ аудити ҳам бизнес-омбусманни хабардор қилган ҳолда ўтказилади.

 

Онлайн-НКМларининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белги асосида совринли ўйинларни ўтказиш бўйича пойтахтда амалга оширилган эксперимент кенгайтирилади. У бюджет ажратмалари доирасида 2020 йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади.

 

МБ банк тижорат банклари билан биргаликда йил якунига қадар:

  • ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ҳунармандлар томонидан ҳамда умумий овқатланиш пунктларида сотиладиган товарлар ва хизматлар учун аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда контактсиз технологияларнинг жорий этилишини таъминлаши;
  • банкоматлар ва кўп функцияли ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари тармоғини кенгайтириши ва уларнинг сонини 10 мингтага етказиши;
  • нақдсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиши керак.

 

Ҳисоб палатасига қўшимча вазифалар юклатилди,  унинг тузилмасида Иқтисодиётда яширин айланмани камайтириш ва бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини аниқлаш шўъбаси ташкил этилади. Шунингдек, соҳага доир бўлинмалар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва ДСҚда ҳам пайдо бўлади. Бунда 1 ноябрдан бошлаб солиқ органлари бошқарув ходимлари сони 1 154 штат бирлигига ёки 10%га қисқартирилади.

 

Олег Заманов.