Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как в налоговой отчетности применить ставку соцналога 1% - читать на buxgalter.uzКак посчитать НДС от разовых сборов рынка – читать на buxgalter.uzЧастные медорганизации получили льготу по ввозимым автомобилям – читать на buxgalter.uz«Уточненку» по НДС пока не принимают – читать на buxgalter.uz

Прокуратура ва ИИВ қишлоқ хўжалигида назоратни кучайтиради

27.03.2020

 

Президент томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид ҳужжат имзоланди (18.03.2020 йилдаги ПҚ-4643-сон қарорга қаранг).

 

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарига қўшимча вазифалар юкланди. Масалан, у Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси амалга оширилишини таъминлаши, давлат бошқаруви тизимида ислоҳотлар олиб борилишини назорат қилиши, вазирликлар ва идораларнинг модернизация қилинишини таъминлаши лозим. Унга бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига ажратилган маблағлардан иқтисод қилинган маблағларни қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилди.

 

Шу билан бирга Бош прокурор, Қорақалпоғистон ва вилоятлар прокурорларининг ўринбосарлари, транспорт прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимлари киритилди, улар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлади. ИИВ вазирининг янги ўринбосари экин майдонларини ўзбошимчалик билан эгалланишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳолатини назорат қилиш, минерал ўғитларнинг мақсадли ишлатилишини, пахта ва ғалла ҳосилини йиғиб олишда жамоат тартиби, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлади.

 

Санаб ўтилган мансабдор шахслар Бош вазирга унинг вазифаларини бажаришда кўмаклашадилар. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг бир нафар ўринбосари ва вилоятлар бошқармаларининг бир нафардан алоҳида масъул ходимлари Бош вазир ўринбосарига Қишлоқ хўжалигида ерларнинг ҳолати, экинлар, сув ресурслари ҳақидаги ва бошқа маълумотларни ўзида жамлайдиган ахборот тизимини яратишда кўмаклашадилар.

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди:

 

биринчидан, прокуратура органларида:

а) Бош прокуратуранинг Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси деб қайта номланди;

б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар прокуратураларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимлари аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимлари деб номланиб, уларга қўшимча 145 та штат бирликлари ажратилди;

Янги киритилаётган лавозимлар ва ажратилаётган қўшимча штат бирликлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тизимидаги 160 та штатлар сонини қисқартириш ҳисобидан амалга оширилади.


 иккинчидан, ички ишлар органлари тизимида:

а) ички ишлар вазири ўринбосарининг бошқарма мақомига эга бўлган 12 нафар ходимдан иборат бошқарув аппарати ташкил этилади. Вазир ўринбосарига:

  • мазкур соҳада фаолиятни амалга ошириш борасида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят ички ишлар бошқармалари (бош бошқармаси) бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари бўйсундирилади;
  • ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда тегишли соҳавий хизмат ходимларини (ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспекторидан ташқари) жалб этиш ваколати берилди;

б) ИИВ вазирининг ўринбосарлари - Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи ҳамда ҳудудий молия ва моддий-техника таъминоти бошқармалари бошлиқлари лавозимлари тугатилди. Бошқарма вазирлик Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти этиб қайта ташкил этилиши шуни тақозо этди.

 

Туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси  ёки унинг ҳудудий бошқармаларига учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича буюртма бериш ваколати берилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.03.2020 йилдан кучга кирди.             

Олег Заманов.