Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи (27.05.2025 й. АВ рўйхат рақами 3625-сон) билан Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангни олдини олиш қоидалари тасдиқланди, улар 2025 йил 1 июлдан кучга киради.
Ҳужжат Президентнинг 02.09.2023 йилдаги "Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-291-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қоидалар қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик тартибини белгилайди.
Қоидалар билан битимлар тузишда қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ва унинг ходимларига қўйиладиган талаблар белгиланган, қимматли қоғозлар бозорида тақиқланган ҳаракатлар, ушбу йўналишдаги мажбуриятлар ва бошқа талаблар аниқланган.
Қоидаларда ҳуқуқлари бузилган қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларини ҳимоя қилиш усуллари, манфаатпарастлик мотивлари билан ҳаракат (ҳаракатсизлик) қилган иштирокчиларни жавобгарликка тортиш механизми, шунингдек бу йўналишда Агентликнинг ваколатлари кўрсатилган.
Хусусан, қимматли қоғозлар билан операциялар иштирокчиларига қуйидаги талаблар белгиланган:
• мижоз битим суммасини тўлай олмаган ҳолатда қимматли қоғозларни сотиб олиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишдан бош тортиш;
• мижоз қимматли қоғозларга мулкчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки улар бошқа мажбуриятлар (гаров, ушлаб қолиш ва бошқалар) остида бўлган ва битимдан кейин уларни харидорга ўз вақтида тақдим эта олмаган ҳолатда қимматли қоғозларни сотиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишдан бош тортиш;
• мижозни қонунчилик ҳужжатлари ва олди-сотди шартномасида белгиланган муддатларда қимматли қоғозларни рўйхатга олиш ёки сотиб олинаётган қимматли қоғозлар ҳақини тўлаш мажбуриятларини ижро этиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида огоҳлантириш;
• мижоз томонидан берилган қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш ёки активларни бошқариш тўғрисидаги ишончномада кўрсатилган ваколатлар доирасида қатъий ҳаракат қилиш;
• бажарилиши нархларни манипуляция қилишга олиб келиши мумкин бўлган топшириқни қабул қилишдан бош тортиш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.07.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова