Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Қурол учун рухсатнома қандай олинади

04.01.2021

Читать на русском языке

«Қурол тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2020 йилдаги «Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 810-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат беришга доир талаблар ва шартларни, шунингдек  рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳамда рухсат беришга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини назорат қилиш тартибини назарда тутувчи қуйидаги низомлар тасдиқланди: 

  • Юридик шахсларнинг қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом.

 

Ушбу қарор кучга кирганидан кейин уч ой ичида «Қурол тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслардаги мавжуд пневматик қуроллар ички ишлар органларида рўйхатга қўйилади.

 

Қуйидагилар қурол муомаласи соҳасида ҳаракатларни амалга ошириш учун рухсат беришга доир асосий талаблар ва шартлар ҳисобланади:

  • фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ва норматив ҳужжатларга, ёнғинга қарши, экология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини таъминлаш;
  • қурол ва унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини таъминлаш;
  • «Қурол тўғрисида»ги Қонуннинг 7 ва 9-моддалари бузилишига йўл қўймаслик;
  • қуролнинг индивидуал (тури, хили, модели, завод серияси ва рақами, чиқарилган йили), унинг ўқ-дориларининг эса жамланма (тури, калибри, партияси ва миқдори бўйича) ҳисобини юритиш, уларнинг мавжудлигини, кирим-чиқими ҳамда фойдаланиш учун бериш-қабул қилиб олишни назорат қилиб бориш, шунингдек бухгалтерия ҳужжатларини 10 йил мобайнида сақлаш;
  • қурол ва унинг ўқ-дорилари соҳасида ҳаракатларни бажариш ва фаолиятни амалга оширишга бевосита боғлиқ ишларга жалб этилаётган ходимлар орасида 18 ёшга тўлмаган, шунингдек доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар бўлмаслигини таъминлаш ва бошқалар.

 

Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида аниқ ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширишда рухсат беришга доир қўшимча талаблар ва шартларга қуйидагилар киради:

а) фуқаровий, хизмат ва коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини олиш бўйича:

- мамлакат ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дориларини фақат уларни реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали олиш;

- қурол ва унинг ўқ-дорилари олингандан (ёки реализация қилингандан) сўнг 10 кун муддатда рухсатномани расмийлаштириш учун ҳужжатларни тақдим этиш;

б) фуқаровий, хизмат ва коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини сақлаш бўйича:

- жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур моддий-техник базанинг ва ускуналарнинг мавжудлиги;

- ўрнатилган сигнализация воситалари Миллий гвардиянинг техник қўриқлаш марказига уланишини таъминлаш ва бошқалар.

 

Шунингдек Низомда рухсатномаларни расмийлаштириш схемаси, рухсатномалар олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган, уларни беришни назорат қилиш тартиби, рухсатномалар реестрини юритиш тартиби белгиланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.12.2020 йилдан кучга кирди. 


Лола Абдуазимова.