Вазирлар Маҳкамасининг 07.08.2026 йилдаги «Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 437-сон қарори қабул қилинди.
20.10.2025 йилдаги ПҚ-308-сон қарорга мувофиқ, республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.
Маслаҳатчилар фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.
Ҳужжат билан раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчисининг асосий вазифалари белгиланди:
- давлат тили, географик объектлар ва маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини, шунингдек, бу жараёнда давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилинишини таъминлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўриш;
- давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларида давлат тили ва географик объектларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини доимий равишда танқидий-таҳлилий ўрганиб бориш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
- географик объектларнинг номларига оид НҲҲлар, дастурлар ва «йўл хариталари»нинг ишлаб чиқилишида фаол қатнашиш ва бошқалар.
Маслаҳатчилар иштирокида замонавий атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобиллари яратилади ва уларнинг бир хилда қўлланилиши таъминланади, шунингдек, турли соҳалар бўйича атамалар луғатлари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, маслаҳатчиларнинг ҳудудларда, давлат органлари ва ташкилотларидаги ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнларининг давлат тили ҳақидаги ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этиши назарда тутилган.
Маслаҳатчи мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг ўринбосарларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчилари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарига тенглаштирилади.
Маслаҳатчи лавозимига номзодларни танлаб олишда филолог (ўзбек тили) ва журналистика мутахассислиги бўйича олий маълумотли ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ташкил этилган ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификат олган, етарли билим ва тажрибага эга номзодларга устуворлик берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 07.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





