Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Рақамли телевидение қоида бўйича уланади

15.06.2016

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 7 июнда 2794-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланди.

 

Ҳужжатга кўра оператор1 ва провайдернинг2 рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолияти лицензия асосида ҳамда лицензия келишувига мувофиқ амалга оширилади.

 

Фойдаланувчилар3 ва абонентлар4 хизмат кўрсатиш зонасида очиқ теле-, радиоканалларни провайдер билан шартнома тузмасдан ва ҳақ тўламасдан қабул қилиши мумкин. Очиқ теле-, радиоканаллардан ташқари бошқа рақамли теле-, радиоканалларни қабул қилиш учун провайдер билан шартнома тузилиши ва ҳақ тўланиши зарур.

 

Рақамли теле-, радиоканалларни қабул қилиш учун юридик ёки вояга етган жисмоний шахс провайдер ёки дилерга5 бевосита ёки электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.

 

Бевосита мурожаат қилинганда қуйидагилар тақдим қилинади:

 

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (асли қайтариб берилади) ва паспорт маълумотлари (жисмоний шахслар учун);

 

номи, манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами, СТИР (юридик шахслар учун);

 

рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш кўзланаётган манзил;

 

боғланиш маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили).

 

Электрон тарзда мурожаат қилинганда юқорида кўрсатилган маълумотлар электрон шаклда тақдим қилиниши керак.

 

Электрон тарзда мурожаат қилинганда провайдер (дилер) томонидан мурожаатчига бир иш куни ичида шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда уни тузиш учун аниқ манзил ва вақт кўрсатилган жавоб ёки шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлмаганда бунинг сабаблари кўрсатилган жавоб юборилади. Шартнома тузиш имконияти мавжуд бўлганда провайдер (дилер) шартномани тузиш вақтида мурожаатчи томонидан электрон тарзда тақдим қилинган маълумотларни уларнинг асл нусхалари билан солиштиради.

 

Провайдер (дилер) рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун бевосита мурожаат қилинган куннинг ўзида ёки электрон тарзда мурожаат қилинганда провайдер (дилер)нинг жавобида кўрсатилган кунда шартномани тузади ёки тузишни рад этади.

 

Ҳужжатда шартномани тузиш, ўзгартириш, бекор қилиш шартлари, рақамли телевидение хизматлари ва қўшимча хизматлар учун тўловларни амалга ошириш тартиби қайд этилган.

 

Белгиланишича, абонент ўз хоҳишига кўра провайдер томонидан таклиф қилинган тариф-режасини танлаши ва ўзгартириши мумкин.

 

Провайдер томонидан тарифлар ўзгартирилганда у бу ҳақда абонентларни камида 10 кун олдин хабардор қилиши керак.

 

Абонент шартнома тузилган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида ёки абонентнинг хоҳишига кўра ундан кўпроқ муддатда провайдер томонидан рақамли телевидение тармоғига уланади.

 

Шартномада кўрсатилган абонент ҳақидаги маълумотлар ўзгарганда абонент провайдерни бу ҳақда 5 кун мобайнида хабардор қилиши керак.

 

Оператор (провайдер) режали профилактика ёки таъмирлаш ишларининг бошланиш вақти тўғрисида абонентлар ва фойдаланувчиларни камида 24 соат олдин хабардор қилиши керак.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 13 июндаги 23-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. 


 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.


__________

1 Оператор – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида рақамли телевидение тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи юридик шахс.

2 Провайдер – операторнинг рақамли телевидение тармоғи орқали тижорат асосида рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи юридик шахс.

3 Фойдаланувчи – провайдер билан шартнома тузмаган, очиқ теле-, радиоканалларни қабул қилувчи юридик ёки жисмоний шахс.

4 Абонент – рақамли телевидение хизматлари кўрсатилиши учун провайдер билан шартнома тузган юридик ёки жисмоний шахс.

5 Дилер – провайдер билан тузилган шартнома асосида аҳолини провайдер хизматларига улаш жараёнида иштирок этувчи тадбиркорлик субъекти.