30.09.2025 йилда “Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига истисно ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш тўғрисидаги йўриқнома” тасдиқланди (АВ рўйхат рақами №3682).
Ушбу ҳужжат 13.05.2025 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 313-сонли "Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Миграция агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган.
Йўриқноманинг асосий қоидалари
Кимларга паспорт берилмайди: умумий қоидага кўра, реадмиссия қилинган фуқароларга "Паспорт-виза" тизимига улар ҳақида маълумотлар киритилган пайтдан бошлаб икки йил давомида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилмайди.
Истиснолар: тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса ва бошқа тўсқинлик қилувчи ҳолатлар бўлмаса, қуйидаги ҳолатларда паспорт расмийлаштиришга рухсат берилади:
- чет элда яқин қариндошнинг вафот этгани;
- чет элда шошилинч даволаниш ёки жарроҳлик амалиёти зарурлиги;
- халқаро илмий, таълим ёки спорт тадбирларида иштирок этиш;
- чегарабўйи ёки анклав ҳудудларда яшаш;
- Президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки Президент Администрациясининг топшириқларини бажариш.
Ҳужжатлар тақдим этиш тартиби
Фуқаро тасдиқловчи ҳужжатлар билан Миграция ва шахсни идентификация қилиш департаменти бўлимларига мурожаат қилади (ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юборади). Ариза "Паспорт – виза" тизими орқали автоматик равишда текширилади. Ҳуқуқ тасдиқланганда фуқарога давлат хизматини олиш имкони ҳақида хабарнома юборилади.
Аризаларни кўриб чиқиш
Аризалар 3 иш куни ичида кўриб чиқилади. Ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг, тизимдаги автоматик рад этиш бекор қилинади ва белгиланган тартибда паспорт расмийлаштириш бошланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 30.09.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова