Президентнинг 25.05.2026 йилдаги "Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-201-сон қарори қабул қилинди.
2027 йилдан бошлаб республика ҳудудларида 5 та сел сув омборини қуриш ҳисобига:
• Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш;
• Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар ва Тошкент вилоятида 300 гектар янги ерларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.
Илмий тавсия ва хулосалар асосида кичик сув захираларини яратиш имконияти мавжуд бўлган 60 та ҳудуд аниқланди.
Ҳужжат билан 2027-2030 йилларда сел сув омборларини қуришнинг манзилли дастури тасдиқланди.
Сел сув омборлари хусусий шерик ҳисобидан қурилади, бунда хусусий шерикка сел сув омборларининг муҳофаза зоналарида туристик-рекреацион зоналар ташкил этишга рухсат берилади ва улар кейинчалик бепул узайтириш шарти билан 49 йил муддатга фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, хусусий шериклар сел-сув омборлари сув ҳавзаларида балиқчилик хўжаликларини ташкил этишлари ва иншоотлар хавфсизлигига таъсир қилмайдиган бошқа фаолиятни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



