Вазирлар Маҳкамасининг 29.07.2026 йилдаги «Шахсга доир маълумотлар бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи чет давлатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 415-сон қарори қабул қилинди.
02.07.2019 йилдаги «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-547-сон Қонунга мувофиқ, ҳужжат билан Шахсга доир маълумотлар бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи чет давлатлар рўйхати тасдиқланди. У 49 та мамлакатни ўз ичига олади.
Қуйидагилар белгиланди:
- Рўйхатга киритилган давлатларга халқаро келишувлар асосида ташкил этилган ахборот тизимлари орқали шахсга доир маълумотлар ҳамда эгасизлантирилган маълумотлар қўшимча рухсатномаларсиз ва ваколатли давлат органини хабардор қилмасдан, маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда автоматик тарзда трансчегаравий узатилади;
- Рўйхатга киритилмаган чет давлатларга шахсга доир маълумотларнинг ҳар қандай шаклда узатилишига оператор ва шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори томонидан ваколатли давлат органи белгилаган ҳуқуқий, ташкилий ва техник шартлар бажарилган тақдирда рухсат берилади;
- шахсга доир маълумотларнинг трансчегаравий узатиш жараёнида тарқалиб кетиш ҳолати аниқланган тақдирда, шахсга доир маълумотлар базасининг оператори бу ҳақида ваколатли давлат органига мазкур ҳолат аниқлангандан бошлаб 24 соат ичида хабар бериши ва 72 соат ичида маълумотларнинг тарқалиб кетиш сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот бериши шарт.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Уч ой ичида “Шахсга доир маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлашда жисмоний шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Конвенцияга (Страсбург, 1981 йил 28 январь) қўшилиш, шунингдек, чет давлатларнинг шахсга доир маълумотлар ҳимоя қилинишини таъминловчи давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш режалаштирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 03.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





