Президент 09.09.2026 йилда ЎРҚ-1171-сонли "Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунни имзолади, унда рухсат этилган шовқин даражаси ва унга нисбатан вақтинчалик чекловлар белгиланган. Янги қоидалар уч ойдан кейин кучга киради.
Ҳужжатда аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг умумий қоидалари, ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солиш тартиби, давлат органларининг ваколатлари ва фуқароларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланган.
Қонунда шовқиннинг таъсир меъёрлари, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузувчи ҳаракатлар рўйхати, шунингдек бундай бузилишларга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғи белгиланмоқда.
Иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача рухсат этилган даражадан ортиқ шовқин чиқариш тақиқланади. Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари чеклов соат 22:00 дан 09:00 гача амал қилади.
Турар жой биноларидаги маиший ва хўжалик фаолиятидан, қурилиш ишларидан, техника ва транспортдан чиқадиган шовқинлар қонун таъсирига тушади.
Одамда сезиларли безовталик туғдирмайдиган, инсон организмининг функционал тизимлари ва шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва меъёрлари билан белгиланадиган шовқин даражаси рухсат этилган ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ваколатли орган этиб белгиланди.
Шовқин таъсири натижасида етказилган зарар учун фуқаролар суд орқали компенсация талаб қилишлари мумкин бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.12.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова





