Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Как платить налоги, работая в Узбекистане, но находясь за рубежом Как изменит учет товаров обязательная цифровая маркировка Оплатили за гостиницу иностранному специалисту: налоговые последствия

Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилади

19.11.2020

Читать на русском языке

Бу Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарорида назарда тутилган.

 

Ҳужжатга мувофиқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.

 

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия йўналишлари бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар тузилади;
  • ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) ишлаб чиқилади;
  • кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда республика фуқаролари, доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Бунда оилавий шифокор ҳар бир муассаса тури бўйича тиббий хизматлар ҳажми ва клиник протоколларга мувофиқ тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар беради. Республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда, шунингдек, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади;
  • аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, унга эришилганлиги мониторинг қилинади ҳамда натижаларига қараб қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланади;
  • кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар кафолатланган пакетга киритиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажмини, шунингдек бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда рағбатлантириш тартибини тасдиқлаш топширилди.

 

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи тиббий профилактика ва патронаж тизими ташкил этилади:

  • аҳолини мавжуд хавф омилларидан келиб чиқиб хавф гуруҳларига бўлиш;
  • ўрта ва юқори хавф гуруҳларига кирувчи аҳолининг белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтишини таъминлаш ва саломатлигини даврий кузатувга олиш;
  • юқори хавф гуруҳига кирувчи ва мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморларни доимий кузатувга олиш ҳамда уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш;
  • профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувларини ўтказиш;
  • патронаж кўрикларини оптимизация қилиб, янги мақсадли патронаж тизимини жорий қилиш.

 

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) 2020 йил 1 декабрдан ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
  • аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
  • тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;
  • тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.

 

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағлар (капитал қўйилмалар, фан ва илмий изланишлар, эмлаш ва бошқа мақсадли дастурлар учун ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) Жамғарманинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларига харажатлар таснифининг бир сатрида босқичма-босқич ўтказиб берилади;
  • Жамғарма тиббиёт ташкилотлари билан шартномалар тузиш орқали улар фаолиятини молиялаштириб боради. Бунда, туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги шифохоналарга ажратиладиган маблағларнинг 10%идан кам бўлмаган қисми ҳар бир даволанган ҳолатлар сони ҳамда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади;
  • кафолатланган пакет асосида тиббий хизматлар кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилиниши мумкин;
  • ажратилган бюджет маблағларининг самарадорлиги ва натижадорлиги Жамғарма томонидан доимий мониторинг қилиб борилади;
  • кафолатланган пакетни белгилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини баҳолаш ҳамда унинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини мониторинг ва назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

 

Шунингдек ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;
  • Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги вақтинчалик низом ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи аппаратининг вақтинчалик тузилмаси;

 

Концепция давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамни кўрсатиш ва уни молиялаштиришда давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш ва апробациядан ўтказишнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида апробациядан ўтказиш ва унинг ижобий натижаларини 2023 йилдан бошлаб республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.11.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.