Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Солиқ текширувлари қандай ўтказилади

18.01.2021

Читать на русском языке

Низом Вазирлар Маҳкамасининг 7.01.2021 йилдаги 1-сон қарори билан тасдиқланди. Илгари солиқ текширувлари ўтказилиши тўғрисидаги низом ДСҚнинг қарори билан тасдиқланган.

 

Ҳужжатда солиқ текширувларининг қуйидаги турлари ўтказилиши белгиланган:

  • камерал солиқ текшируви;
  • сайёр солиқ текшируви;
  • солиқ аудити.

 

Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • солиқ органлари мансабдор шахсларининг текширув масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;
  • солиқ текширувларини ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;
  • солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;
  • солиқ тўловчи талаб қилиб олинаётган ҳужжатларни солиқ органига тақдим этмасликка ҳақли, агар ушбу ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари олдин солиқ органларига олдинги ўтказилган камерал ёки сайёр солиқ текширувларида ёхуд солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тақдим этилган бўлса;
  • экспертни рад этиш ва экспертни ўзи кўрсатган шахслар орасидан тайинлаш тўғрисида илтимос қилиш;
  • солиқ органи мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;
  • солиқ текшируви материаллари билан танишиш ва текширув далолатномасини олиш;
  • солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш;
  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича талабномада кўрсатилган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этиш.

 

Сайёр солиқ текширувлари ёки солиқ аудитини ўтказишда солиқ тўловчилар қуйидаги ҳолларда солиқ органи мансабдор шахсларини солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўймасликка ҳақли:

  • сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ва буйруқ нусхаси солиқ тўловчига берилмаган бўлса, солиқ тўловчи уни олишдан бош тортган ҳоллар бундан мустасно;
  • текширувчи инспектор текширувни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган, ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган бўлса;
  • солиқ текширувини ўтказишнинг муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган бўлса.

 

Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятлари:

  • текширувни ўтказувчи мансабдор шахснинг талабига кўра солиқ тўловчи электрон шаклда тузилган ҳужжатларнинг қоғоздаги кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида рўйхатга олинган электрон ҳисобварақ-фактуралар бундан мустасно;  
  • камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда тегишли солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тақдим этиш.

 

Камерал текширув

 

Ўтказиш учун асослар:

  • солиқ хавфини бошқариш тизими асосида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилганлиги хавфи мавжудлигида;
  • солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ёки хатолар аниқланганда;
  • солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатлари ҳақида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари солиқ органига тушганда;
  • солиқ тўловчи томонидан олдин тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтирадиган ёки кўрилган зарар суммасини кўпайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилганда.

 

Камерал солиқ текширувининг умумий муддати 60 кундан ошиши мумкин эмас. Текширув буйруқ асосида ўтказилади. Текширувчи низом билан тасдиқланган сўровномага мувофиқ ҳужжатларни тақдим этишни сўрайди. Ўз навбатида, ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан сўровнома олинган кундан эътиборан 5 кун ичида тақдим этилиши керак (солиқ тўловчининг аризасига кўра муддат узайтирилиши мумкин). Ҳужжатлар тасдиқланган нусхалар кўринишида тақдим этилади. Текширув натижалари бўйича хулоса тузилади.

 

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабнома.

 

Солиқ органи томонидан 2 кун муддатда солиқ тўловчига солиқ ҳисоботидаги тафовутлар ёки хатолар аниқланган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилади.

 

Солиқ тўловчи 10 кун муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тақдим этиши шарт. Ҳужжатлар 15 кун ичида солиқ органи томонидан кўриб чиқилади.

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолати аниқланса, тегишли далолатнома тузилади.

 

ҚҚСни ундириш бўйича камерал текширув 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга мувофиқ белгиланади.

 

Солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилган қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

 

Сайёр текширув

 

Ўтказиш учун асослар:

  • солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш хавфи мавжудлиги;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари, шу жумладан товарлар ва хизматларнинг нархини асоссиз ошириб юбориш ҳолатлари тўғрисида, йўловчиларни енгил автотранспорт воситалари билан ташиш бўйича ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
  • ОАВда солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
  • ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда;
  • валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаган ёхуд тўлиқ тақдим этилмаганда;
  • суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда.

 

Сайёр солиқ текшируви 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Текширув буйруқ асосида ўтказилади.

 

Солиқ тўловчилар томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан улар томонидан назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши бўйича сайёр солиқ текширувларини ташкил этиш ДСҚнинг «Soliq hamkor» ААТ орқали амалга оширилади.

 

Сайёр текширув ўтказиш доирасида:

  • солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни ҳисобга олиш бўйича солиқ назорати амалга оширилади;
  • хронометраж кўздан кечириш ўтказилади;
  • назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши, шу жумладан назорат хариди орқали текширилади;
  • юридик шахс ҳисобланган солиқ тўловчининг ишчи-ходимлари ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлиги текширилади;
  • бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши текширилади;
  • савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши текширилади;
  • ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажми текширилади;
  • солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари ва солиқ органларининг инкассо топшириқномалари банклар томонидан ўз вақтида бажарилиши текширилади;
  • валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилиши текширилади;
  • солиқ тўловчиларнинг активлари ва мажбуриятлари инвентаризациядан ўтказилади;
  • ҳужжатлар ва буюмлар олиб қўйилади.

 

Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича далолатнома 2 нусхада тузилади. Сайёр солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига далолатнома билан танишиб чиқиб, уни олганлиги ва санаси кўрсатилган имзоси орқали топширилади.

 

Солиқ аудити

 

Қуйидаги ҳолатларда ўтказилади:

  • солиқ тўловчи солиқ таваккалчилигининг юқори тоифасига мансуб бўлганда;
  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисобот, шу жумладан тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда;
  • ихтиёрий тугатилаётган юридик шахсларда (солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно);
  • солиқ тўловчиларнинг жиноий ишлар бўйича молия-хўжалик фаолияти тафтиш қилиниши доирасида;
  • фаолиятини тўхтатган ЯТТ, қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация асосида жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлайдиганлардан ташқари.

 

Солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида 30 календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборилади. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи ДСҚ билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

 

Солиқ аудитини ўтказиш муддати 30 кунни ташкил этади, бироқ текширув муддати 6 ойгача узайтирилиши мумкин.

 

Солиқ аудити ўтказиш давомида:

  • ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш;
  • зарур ҳужжатлар, шу жумладан учинчи шахслардан ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиб олинади;
  • ҳужжатлар ва буюмлар олиб қўйилади;
  • солиқ тўловчининг мол-мулки инвентаризациядан ўтказилади;

 

Солиқ аудити натижасига кўра 3 нусхада далолатнома тузилади. Далолатноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ аудити тугаганидан кейин 3 иш кун ичида топширилади.

 

Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди. Солиқ тўловчи солиқ аудити натижалари бўйича ёзма шаклдаги эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда 10 кун ичида тақдим этишга ҳақли.

 

Сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текшириш бундан мустасно.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.01.2021 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Воҳидова.