11.09.2026 йилдаги ЎРҚ-1176-сон Қонун билан судга ҳурматсизлик ҳолатларининг олдини олишга ва суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик учун жавобгарлик чораларини аниқлаштиришга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан Жиноят кодексига суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини аниқлаштирувчи тузатишлар, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга судга ҳурматсизлик қилганлик учун суд биносида тартибни бузиш шаклида маъмурий жавобгарлик чораларини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Жумладан, терговга аралашиш, яъни муайян ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов қилишга тўсқинлик қилиш мақсадида терговчига ёки прокурорга турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни муайян ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов қилишга тўсқинлик қилиш мақсадида ёки адолатсиз қарор чиқариш йўли билан судья ёки халқ маслаҳатчисига турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур ҳаракатлар, агар улар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





