Президентнинг 24.11.2025 йилдаги "Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидаги мақсадлар белгиланди:
- судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;
- судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;
- судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;
- суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш.
Суд мустақиллигининг илғор стандартларини жорий этиш қуйидагиларни назарда тутади:
- судьялик лавозимига дастлаб беш йиллик муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш);
- туманлараро, туман ва шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига номзодларни судьялар орасидан аниқ мезонлар асосида очиқ танлов асосида танлаш;
- судьяларнинг касбий фаолиятини баҳолашда "ҳалоллик", "касбий лаёқатлилик" ва "судьялик одоби қоидаларига риоя этиш" каби талабларнинг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш.
Шу билан бирга, тегишли суд судьяларининг малака ҳайъатлари Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритадиган судьялигига номзодларни тавсия этади.
Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритадиган судьялари лавозимларига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил фаолият юритган судьяларнинг номзодлари кўрсатилиши мумкин.
Шунингдек, ҳуқуқ соҳасидаги илмий ва олий таълим ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Кенгаш аъзолигига номзодларни тавсия этишлари мумкин бўлади.
Бунда, Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритадиган судьялари таркибини қуйидаги судлар судьялари орасидан шакллантириш режалаштирилмоқда:
- Олий суддан – икки нафар судья;
- вилоят даражасидаги судлардан – етти нафар судья;
- туманлараро, туман, шаҳар судларидан – тўрт нафар судья.
Кенгашнинг расмий веб-сайтида судлар тизимидаги бўш судьялик лавозимлари ва уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилади.
Идоралараро интеграция платформасининг Кенгаш АТ билан тўлиқ интеграциялашуви судьялик лавозимларига номзодлардан ортиқча маълумотларни талаб қилишни тўхтатиш имконини беради.
Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланилади.
Шунингдек, ёпиқ овоз бериш ва Кенгаш йиғилишларида қарорлар қабул қилиш жараёнларига рақамли технологиялар жорий этилади.
Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини янада ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 25.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




