Президентнинг 30.10.2025 йилдаги ПҚ-320-сон қарори билан сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
2026-2027 йилларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни, шу жумладан ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларидаги стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағлар ажратилади, хусусан:
- 50 млн АҚШ доллари давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун беғараз асосда. Бунда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга устуворлик берилади;
- 50 млн АҚШ доллари – ушбу маблағларни Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида тенг улушларда "Фондлар жамғармаси" ва "IT Park Ventures" венчур фондларининг устав капиталига киритиш орқали сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун.
Ушбу маблағлар "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан тақсимланади.
Бунда тармоқлар ва ҳудудлар кесимида маблағларни тақсимлашнинг йиллик сметаси, шу жумладан лойиҳалар кесимида молиялаштириш ҳажмлари Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан белгиланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари 2025 йил 1 декабрга қадар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг Ишчи органига сунъий интеллект технологияларини ўз фаолиятига жорий этиш бўйича таклифларни тақдим этиши зарур.
Лойиҳаларни молиялаштириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:
- Президентнинг 22.10.2025 йилдаги ПФ-189-сон Фармонига асосан шакллантириладиган Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан тузиладиган шартномалар;
- Мувофиқлаштириш комиссияси томонидан белгиланган талаблар ва мезонларга жавоб берадиган иштирокчилар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов натижалари – Реестрга киритилмаган янги лойиҳалар бўйича.
Ахборот тизими ва ресурсларининг техник ҳужжатлари экспертизаси истисно тариқасида барча экспертиза органларида бир вақтнинг ўзида 15 кун муддатда ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



