Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ташкилотлар 10%гача иш ўринларини захирага қўйишади

15.12.2017

 

Вазирлар Маҳкамасининг  5.12.2017 йилдаги 965-сон қарори билан Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Лойиҳа босқичидаги ҳужжатнинг қисқача шарҳи – бу ерда.  

 

Захирага қўйиладиган иш ўринлари кўпаяди

 

Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар муҳтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини захирага қўйишлари даркор. Захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони  – ўртача ходимлар сонининг 10%игача (жумладан, ногиронлар учун камида 3%). Амалдаги тартибга кўра ходимларнинг ўртача сонининг 7%игача ва ногиронларни ишга жойлаштириш учун камида 3% иш ўринлари захирага қўйилади.

 

Иш ўринлари кимлар учун захирага қўйилади

 

Иш ўринлари фуқароларнинг қуйидаги тоифалари учун захирага қўйилади:

  • 14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилар;
  • сафарбарлик чақириқ захирасида хизматни ўтаган ва Қуролли Кучлар сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
  • ногиронлар ва пенсияолди ёшидаги шахслар (эркаклар 58 дан 60 ёшгача, аёллар 53 дан 55 ёшгача);
  • жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
  • одам савдоси қурбонлари.

 

Таҳририятдан. Ҳужжатнинг амалдаги таҳрири билан қиёслаганда кўрсатилган рўйхат муҳим ўзгаришларга юз тутмаган. Унинг алоҳида позицияларига аниқлик киритилган, шунингдек, шахсларнинг янги тоифаси киритилган ­– одам савдоси қурбонлари.

 

Иш ўринларини захирага қўйиш босқичлари

 

Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

  • 1 августдан кеч бўлмаган муддатда лавозимларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини белгилайди;
  • 15 августдан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда маълумотларни туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказига (БКМ) тақдим этади.

 

Ташкилотлардан йиғилган барча маълумотларни БКМ таклифлар тарзида тегишли ҳокимликларга юборади. Шаҳар (туман) ҳокими ҳар бир ташкилотдаги захирага қўйиладиган иш ўринларининг сони бўйича қарор чиқаради. Қарорда қабул қилиниши шарт бўлган муҳтожларнинг ҳар бир тоифаси сони ва иш ўринлари захирага қўйиладиган касблар ва лавозимлар рўйхати кўрсатилади. Ҳокимнинг қабул қилинган қарори ҳақида ташкилотларга 5 октябргача хабар қилиниши керак.

 

Келаси йил бошланишидан олдин 10 кунгача кечикмай иш берувчи ўзи учун белгиланган захирага қўйиладиган иш ўринлари сонининг 25%и тайёрлигини таъминлаши ва бу ҳақда БКМни хабардор қилиши керак. Қолган қисми келаси йилнинг I чораги давомида таъминланади, бу ҳақда иш берувчи БКМни хабардор қилади ( I чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай).

 

Шунингдек, ташкилот ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача туман (шаҳар) БКМга тасдиқланган шакл бўйича муҳтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт. Ишга қабул қилиш иш берувчи томонидан мустақил равишда ёки БКМнинг йўлланмаси бўйича амалга оширилади.

 

Бу - муҳим! Мавсумий ва вақтинчалик иш ўринларини захирага қўйишга йўл қўйилмайди.

 

Захирага қўйишдан бош тортганлик учун – жарима, белгиланган нормаларни оширганлик учун – имтиёзлар

 

Муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича ҳокимнинг қарори бажарилмаганлиги, шунингдек  уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотнинг мансабдор шахси МЖтКнинг 49, 50-моддалари бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади.

 

Бу муҳим! Иш берувчи томонидан иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги ва уларнинг амалда тайёр эмаслиги ҳокимларнинг қарорлари бажарилмаслиги сифатида қаралади.

 

Ҳокимлар иш ўринларини белгиланган сондан ортиқча захирага қўйган иш берувчилар учун имтиёзлар белгилаши, масалан, ишлаб чиқариш участкалари (цехлар) ташкил этиш учун нотурар жой биноларини биринчи навбатда ажратиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 1.04.2018 йилда кучга киради. 

   

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.  

 

Ленара Хикматова.

 

Курс валют

2018-09-18
  • USD:8039.00 (+176.83) сум
  • EUR:9347.75 (+266.16) сум
  • RUB:118.05 (+5.46) сум