Президентнинг 15.10.2025 йилдаги "Электротехника саноатида хомашёни чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-304-сон қарори қабул қилинди.
Асосий мақсадли кўрсаткичлар:
- 2026 йилга бориб экспорт географияси 80 та мамлакатга, экспорт ҳажми эса 3 миллиард долларга етади;
- 2030 йилга бориб мис хомашёсининг биржа савдоси ҳажми 225 минг тоннага етади.
2026 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар "Олмалиқ КМК" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган катодли мисни биржа савдоларига қўйишда бошланғич нарх ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда Лондон металл биржаси нархидан 4 фоиз чегирма билан белгиланади. Шунингдек, мис хомашёсини биржа савдоларида сотиб олишда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бекор қилинмоқда.
2026-2027 йилларда тижорат банкларининг айланма маблағларини тўлдиришга, шу жумладан мис хомашёсини харид қилишга йўналтириладиган кредитлари бўйича электротехника саноати корхоналари бўлган барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига кредит суммасидан қатъи назар, маблағларнинг бир қисми "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" ҳисобидан, бироқ эквивалентда 20 млрд сўмдан ошмаган миқдорда берилади. Бунда:
- миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси – Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан кўп бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, лекин 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
- хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси – 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 5 фоиз пунктидан ошмаган миқдорда тадбиркорлик субъектининг барқарорлик рейтингидан қатъи назар кредитнинг тўлиқ муддатига компенсация қилиб берилади;
- кафиллик 10 млрд сўм эквивалентигача, бироқ кредит суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган қисмига тақдим этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб мисдан тайёрланган буюмларни экспорт қилишда божхона юк декларациясида буюмларнинг техник параметрларидан ташқари уларнинг диаметри, қалинлиги, узунлиги, қопламаси ва таркибидаги мис миқдори тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб электротехника маҳсулотлари учун бюджет буюртмачилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳаллий аукцион савдолари ташкил этилади. Бунда савдолар шартнома нархини чекламасдан бошланғич нархни пасайтириш бўйича ўтказиладиган электрон савдолар тартиб-таомиллари асосида ўтказилади.
Бюджет хизматлари буюртмачилари ўзларининг харид режаларини эълон қилишлари биланоқ, ушбу маълумотлар автоматик равишда электрон почта орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга юборилади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан таклифлар келиб тушганда улар ўртасида харидлар амалга оширилади.
Электротехника саноати корхоналари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳага инновацияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова