Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как учитывать налоги, уплаченные за предыдущие годы Какие льготы для бизнеса в Каракалпакстане предусмотрены февральским постановлением Президента №ПП-70 Как учитывать безвозмездную передачу автомобиля Как учитывать безвозмездную передачу автомобиля

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси тубдан ислоҳ қилинади

24.02.2026

Читать на русском языке

Президентнинг 16.02.2026 йилдаги "Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-25-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди: 

а) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари:

  • амалдаги самарасиз назорат тизимини бекор қилиш ва маҳсулотнинг бозор назорати амалиётини жорий этиш;
  • саноатда тўлиқ халқаро стандартларни қўллашга ўтиш;
  • миллий сифат инфратузилмаси иштирокчилари мустақил фаолиятига шарт-шароит яратиш ва манфаатлари тўқнашувини бартараф этиш;
  • саноат метрологияси, ўлчаш воситалари верификацияси ва калибрлашни кенг жорий қилиш, қиёслаш амалиётидан воз кечиш;
  • тадбиркорликнинг барча йўналишлари ҳамда истеъмолчиларни қамраб олувчи "сифат маданияти"ни шакллантириш;

 

б) Миллий сифат инфратузилмасини ривожлантиришнинг 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлари:

  • Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида Ўзбекистон ўрнини камида 20 поғонага кўтариш;
  • Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятлари сонини 2,5 баробарга ошириш;
  • халқаро тан олинган аккредитация хизматлари улушини камида 80%га етказиш.

 

Бозор назорати тизимини жорий этиш

 

Бозор назорати ҳамда мувофиқликни баҳолаш тизимларини халқаро амалиётга мувофиқ ташкил этиш мақсадида:

  • 2027 йил 1 январдан бошлаб техник регламентларнинг объекти ҳисобланган маҳсулотлар учун "миллий мувофиқлик белгиси" (Conformity Uzbekistan) жорий қилинади ҳамда уларнинг мувофиқлиги хавф-ҳатарга асосланган ёндашув асосида баҳоланади;
  • техник регламентлар объекти ҳисобланган маҳсулотлар мувофиқлиги мажбурий баҳоланадиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилади (янги техник регламентлар қабул қилиниши ёки амалдагилари бекор бўлиши натижасида).

 

Соҳада бизнес муҳитини ривожлантириш

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорлик субъектларига қуйидаги енгилликлар жорий этилади:

  • мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилган пуллик хизматлар тушумидан ажратмалар 2,5 баробарга камайтирилади (эндиликда уларнинг миқдори 2%ни ташкил этади);
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан икки ва ундан ортиқ аккредитациядан ўтган ҳолда мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу соҳада синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди;
  • ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария ва мувофиқликни баҳолаш соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишда ўқув дастури ва таълим ташкилотини мустақил танлаш имкони берилади;
  • мувофиқликни баҳолаш органларига Миллий аккредитация тизимида аккредитация ўтган ҳолда экспорт бозорларида талаб этилаётган хорижий стандартлар асосида мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказишга рухсат этилади.

 

Сифат бўйича кўмакчи

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • давлат органлари ва корхоналарининг (рўйхатга кўра) амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология соҳаларидаги ишларни мувофиқлаштирувчи – сифат менежери (quality manager) вазифалари юклатилади;
  • туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашда, корхоналарда халқаро стандартлар ва менежмент тизимларини жорий этиш кўрсаткичи киритилади.

 

Техник регламентлар ва стандартлар

 

Стандарт ва техник регламент ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини халқаро талаблар асосида ташкил этиш мақсадида:

  • 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар қандай даражадаги стандартлардан ихтиёрий қўлланилади, стандартларни қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади;
  • 2027 йил 1 январдан бошлаб техник регламентларни сунъий интеллектни қўллаган ҳолда саноат, тадбиркорлик ва маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга таъсирни ва кутилаётган самарадорликни олдиндан баҳолаш "regulation impact assessment" (техник жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш) натижаларига асосланган ҳолда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

 

Қуйидаги иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этилади:

  • 2026 йил 1 июлдан тўқимачилик, чарм, мебель, электротехника, автомобилсозлик, ахборот технологиялари;
  • 2027 йил 1 январдан нефть ва газ, металлургия, транспорт, қурилиш маҳсулотлари, тиббий буюмлар;
  • 2028 йил 1 январдан энергетика, кимё, экология, хизмат кўрсатиш соҳалари.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

– Халқаро амалиёт ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари асосида техник регламентларни қайта кўриб чиқиш дастури;

– 2026-2028 йилларга мўлжалланган халқаро стандартларни қабул қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар.

 

Метрология

 

Метрология соҳасини халқаро талаблар билан мувофиқлаштириш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • ўлчаш воситаларини қиёслаш амалиётидан воз кечган ҳолда, қонунлаштирувчи метрология доирасида верификациялаш тизими жорий этилади;
  • саноатда фойдаланилаётган ва маҳсулот сифатига бевосита таъсир қиладиган ўлчаш воситалари калибрлашга ўтказилади, стандарт намуналарни аттестациядан ўтказиш тартиби бекор қилинади;
  • калибрлаш лабораторияларининг Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси базасида эътироф этилган калибрлаш имкониятлари қайд этилган йўналишлари аккредитациядан ўтишдан озод қилинади.

 

2026 йилда харид қилинадиган эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари рўйхати тасдиқланди.

 

Аккредитация

 

Аккредитация тизимининг халқаро талабларга мувофиқ мустақил ва бетараф фаолият юритишини таъминлаш мақсадида:

  • Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг аккредитация соҳасидаги ваколатлари бекор қилинади;
  • аккредитация органига бирор-бир ташкилотни аккредитациядан ўтказиш мажбуриятини юкловчи қонунчилик нормаларини киритиш тақиқланади.

 

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • аккредитация қилинган лабораторияларнинг синов баённомалари (ишлаб чиқаришдаги лабораториялар ички эҳтиёжлари учун ўтказган синовлари бундан мустасно) "e-akkreditatsiya" ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳолда расмийлаштирилади;
  • аккредитация органига "Техник жиҳатдан тартибга солиш" миллий ахборот тизимидан монеликсиз фойдаланиш имконияти яратилади.

 

Кадрлар салоҳиятини ошириш

 

Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармасининг магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун стипендия квоталарини ажратишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига ҳам устуворлик берилади.

 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб "стандартлаштириш", "метрология" ва "мувофиқликни баҳолаш" йўналишларида таҳсил олаётган олий таълим муассасалари талабалари учун:

  • Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизим ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан "Махсус стипендия" таъсис этилади;
  • ривожланган давлатлар, хусусан Европа Иттифоқининг техник жиҳатдан тартибга солиш (Technical Regulation) тизимини ўрганиш модели асосида дарс соатлари жорий қилинади;
  • сўнгги 2 йилни хорижий университетда давом эттиришни назарда тутувчи "2+2" шаклидаги қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2026 йилдан кучга кирди.

 

Сардор Жумашов