Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Облагается ли НДС экспорт товаров на безвозмездной основе План главбуха на октябрь 2021 года Как учитывать передачу права на использование нематериальных активов Почему сервис «Проверить мой статус» показывает разный результат. И что с этим делать

Техник кўрикдан ўтиш тартиби ўзгартирилди

16.03.2021

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 9.03.2021 йилдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 125-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 3.02.2021 йилдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.

 

Ҳужжат билан ИИВнинг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

  • жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини ДЙҲХХ бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш тартибини жорий этиш;
  • 1 сентябрдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги автотранспорт воситаларини тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш.

 

Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:

  • жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари, электромобиллари ва уларнинг тиркамаларини, шунингдек трамвай ва троллейбусларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби;
  • транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техника базаси жойлаштириладиган хона ва майдонларга доир талаблар;
  • транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш муддатлари ва даврийлиги.

 

ИИВга 1.07.2021 йилга қадар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ахборот хавфсизлиги талабларини инобатга олган ҳолда, ДЙҲХХнинг «Техник кўрик» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имкониятини яратиш чораларини кўриш топширилди.

 

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади.

 

Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги ИИВнинг ДЙҲХХ органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан мазкур Низомга мувофиқ ўтказилади.

 

Жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги транспорт воситалари фақат тадбиркорлик субъектлари томонидан техник кўрикдан ўтказилади.

 

Қуйидагилар техник кўрикдан ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши бўйича самарали назоратни ташкил этиш;
  • транспорт воситалари техник ҳолати ва ускуналарининг йўл ҳаракати хавфсизлигининг техник регламентлари ёки стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш;
  • транспорт воситаларининг сонини, ҳолатини, амалда мавжудлигини, тегишлилигини ва рўйхатдан ўтказиш бўйича бошқа маълумотларини аниқлаштириш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан профилактика ишларини ташкил этиш;
  • йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш.

 

Ишлаб чиқарилганига 6 йилдан (илгари - 5 йил) кўп бўлмаган транспорт воситалари икки йилда 1 марта, ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспорт воситалари – бир йилда 1 марта техник кўрикдан ўтказилиши керак.

 

Тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари, аввалгидек, бир йилда 2 марта техник кўрикдан ўтказилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.03.2021 йилдан кучга кирди.

 

Баҳодир Бухорий.