Президент томонидан 13.07.2026 йилдаги "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги ЎРҚ-1158-сон Конституциявий қонун имзоланди.
Қонунда ТХММнинг алоҳида ҳудуд ва унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим сифатидаги мақоми белгиланган бўлиб, унинг дастлабки чегаралари Президент фармони билан белгиланади.
Марказ ҳудудида банк ва инвестиция фаолияти, суғурта, қимматли қоғозлар бозоридаги операциялар, тўлов тизимлари, исломий молия, молиявий технологиялар, аудиторлик, консалтинг, юридик ва бошқа хизматлар кўрсатишнинг алоҳида тартиби ўрнатилади.
Қонунда марказ иштирокчиларининг алоҳида мақоми, махсус имтиёзлар, шу жумладан солиқ ва бошқа преференциялар, шунингдек, хорижий инвесторлар ва мутахассислар учун қулайликлар белгиланган.
ТХММнинг ҳар бир қарори кучга киргунга қадар унинг қарорларининг расмий реестрида эълон қилиниши шарт.
Марказ ҳудудида молиялаштириш, кредит маҳсулотлари, брокерлик фаолияти, қимматли қоғозлар билан операциялар, пул ўтказмалари, тўлов ва валюта айирбошлаш хизматлари, молиявий, инвестиция ва банк маслаҳатлари бўйича фаолият амалга оширилади.
Қонун қоидаларини ёки унинг қарорларини бузган ҳолда тижорат ёки молиявий фаолиятни амалга оширган ТХММнинг ҳар қандай иштирокчиси қуйидаги миқдордан ошмайдиган миқдорда жарима билан жазоланади:
• 10 млн АҚШ доллари;
• Ҳуқуқбузарликка сабаб бўлган тегишли битим, ўзаро боғлиқ битимлар мажмуи ёки фаолият қийматининг 10 фоизи.
ТХММ органлари қуйидагилардир: Кенгаш, Маъмурият, Молиявий хизматлар бошқармаси, шунингдек, Тошкент халқаро тижорат суди.
ТХММнинг ҳар бир органи молиявий йил тугаганидан кейин 4 ой ичида шаффофлик тўғрисидаги йиллик ҳисоботни эълон қилиши шарт.
Инглиз тили ТХММнинг расмий тили ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





