Президентнинг 09.11.2025 йилдаги ПҚ-336-сон қарори билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.
Ҳужжатнинг мақсадлари:
- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш;
- аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатаётган фидойи ходимларга қўшимча рағбатлантириш чораларини жорий этиш;
- истиқболли ёш мутахассислар ўз касбий малакасини ошириб бориши учун қўшимча имкониятлар яратиш;
- "Шифокор - аҳоли саломатлиги посбони" шиори остида жамиятда шифокорларнинг нуфузини ошириш.
2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили қуйидаги номинациялар бўйича танлов ўтказилади:
- "Энг яхши республика шифохонаси раҳбари", " Энг яхши ҳудудий соғлиқни сақлаш органи раҳбари";
ҳар бир ҳудудда:
- "Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари", "Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари", "Энг яхши туман (шаҳар) шифокори" ва "Энг яхши туман (шаҳар) ўрта тиббиёт ходими";
- "Энг яхши оилавий поликлиника", "Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси" ва "Энг яхши ҳудудий шифохона".
Танлов натижалари асосида ғолиблар қуйидаги миқдорларда Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан бир марталик рағбатлантирилади:
- тиббиёт муассасалари - 500 млн. сўм;
- тиббиёт ва раҳбар ходимлар - 30 млн. сўм.
Танлов ғолиблари Тиббиёт ходимлари куни арафасида эълон қилинади, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш ҳамда хориждаги нуфузли таълим ва илмий ташкилотларда ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.
"Энг яхши республика шифохонаси раҳбари", "Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари" ва "Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари " номинациялари бўйича танлов ғолиблари "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвони билан тақдирлашга тавсия этилади.
2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида:
- туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига БҲМнинг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади;
- давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади;
- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
- ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўлаш жорий этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қуйидаги имтиёзлар берилади:
- камида 3 йил иш стажига эга бўлганда – Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
- камида 15 йил иш стажига эга бўлганда – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва тиббиёт муассасасининг маблағлари ҳисобидан йилига бир марта бир маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш;
- барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдорини икки баравар камайтириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




