Президентнинг 10.09.2026 йилдаги ПФ-192-сонли «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
2027 йил 1 июлдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш асосида касбий фаолият билан шуғулланишга рухсат бериш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш тиббий ва фармацевтика фаолияти амалга ошириладиган ихтисосликлар номенклатурасига киритилган мутахассисликларга татбиқ этилади. Бунда тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги мутахассисларнинг ягона электрон реестри юритилади.
2030 йилгача бўлган даврда давлат рўйхатидан ўтказиш ихтиёрий равишда – махсус имтиҳон натижалари асосида ёки малака тоифасини бериш жараёнида автоматик тарзда, 5 йил муддатга амалга оширилади.
2030 йилдан бошлаб
- тиббий ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтган шахсларга 5 йил муддатга берилади;
- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг давлат рўйхатидан ўтмасдан касбий фаолиятни амалга ошириши тақиқланади;
- тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифасини бериш бекор қилинади;
- 2030 йилгача берилган малака тоифалари уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади, устамалар ва лавозим ҳуқуқлари тегишли давр мобайнида сақланиб қолади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилаётган мутахассислик бўйича камида 20 йил иш стажига ва илмий даражага эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш махсус имтиҳонсиз ўтказилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш билан шуғулланувчи олий таълим муассасалари талабалари ва битирувчиларини уларнинг билимини мустақил баҳолаш бўйича уч босқичли махсус имтиҳонлар натижалари асосида давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек махсус имтиҳонларни ташкил этиш Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини баҳолаш маркази томонидан амалга оширилади.
Махсус имтиҳонлар асосида ихтиёрий равишда давлат рўйхатидан ўтган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақига қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:
- олий маълумотли шифокорлар ва фармацевтика ходимларига – МҲТЭКМнинг 5 баравари;
- ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига – МҲТЭКМнинг 2,5 баравари.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини баҳолаш маркази фаолиятининг асосий йўналишлари;
- Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





