Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Тижорат сирини қандай ҳимоя қилиш мумкин?

15.11.2016

Тижорат сирини сақлаш бизнесда ҳам, жаҳон юридик амалиётида ҳам  эришиш мушкул бўлган масалалардан бири саналади. У учун курашишга тайёрмисиз? Бугунги материалимиз ўз тижорий сирлари учун курашишга тайёрларга бағишланади.

Бизнинг МЧЖга давлат органидан барча ишчиларимиз ҳақида маълумотлар — ФИШ, уй манзили ва телефонларини етказиб бериш бўйича сўров келиб тушди. Биз ҳайрон қолдик, аммо мунозарага бормасдан, сўралган маълумотларни тақдим этдик. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳамма ходимларимизни бизга рақобатчи бўлган ташкилотга ишга чақира бошлашди. Бахтимизга, барча ходимлар вазият ҳақида очиқ айтиб беришди ва ҳеч ким ишдан кетмади. Бизда жуда тор доирадаги ихтисослик бўлгани боис камёб мутахассислар ишлайди. Ходимларимизнинг ишдан бўшаши ва рақобатчи компанияга ўтиши ташкилотимиз фаолиятига зиён етказиши мумкин эди.

1. Ходимларимизнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборот тижорат сирига кирадими?

2. Уларни давлат органларига тақдим этмасак бўладими? 

3. Шунга ўхшаш ҳолатда қандай ҳимояланиш мумкин?

 

МЧЖ директори

 

АДВОКАТ ШАРҲИ

 

Аввалроқ мазкур мақоланинг 1-қисмида  биринчи иккита саволни кўриб чиққан эдик. Ушбу материалда тижорат сирини давлат органларининг қонунга ҳилоф ҳаракатларидан қандай ҳимоялаш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз.

 

Биринчиси – музокаралар

 

Ҳар қандай ноаниқ ёки сергак торттирувчи шубҳали ҳолатларда ҳар доим сўровга имзо чеккан шахсга қўнғироқ қилиш (ёки ёнига бориш) мумкин. Агар унинг тушунтиришлари қониқтирмаса, юқорироқ турувчи раҳбарга мурожаат этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Хушмуомалалик билан музокара олиб боринг – балки натижада давлат органи сўровдан воз кечар ёки қўйилаётган талабларни қисқартирар1. Ҳар доим ҳам сўровлар ортида ғаразли ният бўлавермайди, кўпинча англашилмовчиликлар, ёш мутахассислар ишидаги хатоликлар кабилар учраб туради. Шу сабабли мазкур босқични ўтказиб юбормаслик зарур.

 

Кейин эса ҳолат қандай тус олишидан  қатъий назар олдингизда иккита йўл бўлади: давлат органига маълумотларни етказиш ёки рад этиш. Келинг, иккала ҳолатни ҳам кўриб чиқамиз.

 

Рози бўлган тақдирдаги ҳаракатларингиз

 

Агар сўров бўйича маълумотларни етказишга қарор қилган бўлсангиз, бевосита ахборот ташувчининг ўзида: «Тижорат сири. Маҳфий» деб қайд этишингиз керак. Шунингдек, маълумот мулкдори номи ва унинг манзилини кўрсатасиз.

 

Кузатув хатида тўғридан-тўғри “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасини кўрсатиб ўтинг:

 

«Давлат органлари ўзларига тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан тақдим этилган тижорат сирининг маҳфийлигини таъминловчи шарт-шароитлар яратиши шарт.

 

Давлат органларининг ходимлари хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган тижорат сирини ошкор этишга ёки бошқа шахсларга, шу жумладан давлат органларига топширишга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек ундан ғаразли ёки бошқа шахсий мақсадларда фойдаланишга ҳақли эмас».

 

Бу билан сиз маълумотларнинг маҳфий мақоми ва давлат органининг олинган маълумотларни сақлаш мажбурияти ҳақида огоҳлантириб қўйган бўласиз.

 

Ҳужжатларни почта орқали юбормаслик, девонхонага топширмаслик, сўровга имзо чеккан шахснинг қўлига шахсан топшираман, деб туриб олиш муҳим. Агар зарурат туғилса, юқори раҳбариятга мурожаат этишингиз мумкин.

 

Норози бўлган тақдирдаги ҳаракатларингиз

 

Агар сўров қонунга тўғри келмайди деб ҳисоблашга асосларингиз бўлса (давлат органининг ваколатларига кирмайди, ишончсиз, ваколати бўлмаган мансабдор шахс томонидан имзо чекилган, унда сабаб, ҳуқуқий асос, мақсад, муддат қўйилмаган бўлса, мазмун-моҳияти шубҳали), музокаралар ҳеч нарсага аниқлик киритмаса ва самарасиз бўлса, маълумотларни етказиб беришдан бош тортишингиз мумкин.

 

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг  10-моддасига мувофиқ, агар сўралаётган ахборот маҳфий бўлса ёки уни ошкор этиш натижасида шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етиши мумкин бўлса, ахборотни бериш рад этилиши мумкин.

 

Маҳфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхатининг 7-бандига (07.11.2011йилдаги 296-сон ВМҚга 2-илова) кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган тижорат сири ҳисобланган маълумотлар маҳфий саналади.

 

Бироқ кўриб чиқилаётган вазиятда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига ҳам мурожаат этса бўлади, унда жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар маҳфий ахборот тоифасига кириши белгиланган. Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар.

 

Қолаверса, Маҳфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхатида жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар биринчи бўлиб кўрсатиб ўтилган.

 

Шу боис бундай маълумотларни давлат органига етказишдан бош тортишни уларнинг ҳам тижорат сири сифатида, ҳам жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари маҳфий ахборотлар сирасига кириши билан ҳам асосланади.

 

Маҳфий ахборот эгаси, мулкдор шундай маълумотларни талаб этаётган  шахсларни бундай маълумотларга қўйиладиган чекловлар ҳақида огоҳлантириши керак. Сўралаётган маълумотларни етказишдан бош тортиш ҳақидаги билдиришнома сўров юборган шахсга уни олган кундан бошлаб 5 кун ичида юборилиши лозим. Рад жавобида сўралаётган ахборот етказилмаслигининг сабаби кўрсатилиши керак (“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси).

 

Рад жавобининг оқибатлари

 

Қонуннинг 15-моддаси 3-қисмига кўра, тижорат сирининг мулкдори (ёки конфидент) тижорат сирини тақдим этиш сўровига рад жавобини берган тақдирда давлат органи уни суд тартибида талаб қилиб олишга ҳақли. У ҳолда ҳақ эканингизни судда исботлаш лозим бўлади. Агар ўз нуқтаи назарингизни ҳимоя қила олмасангиз, суд талаб этилаётган маълумотларни давлат органига тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

 

Бундан ташқари, вазиятдан ҳамда давлат органининг ваколатидан келиб чиққан ҳолда рад жавобини берган ташкилот раҳбари маъмурий (МЖтК 178-, 178-1204-1215-3229-, 239-моддалар) ёки жиноий (ЖК 183240-моддалар) жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу барча моддалар қонунчиликда аниқ келтириб ўтилган муайян ўзига хос ҳолатларга нисбатан татбиқ этилади. Шу сабабли ҳар доим, рад этилган ҳамма вазиятларда ҳам жавобгарликка тортилавермайди. Ҳар бир ҳолатни алоҳида-алоҳида кўриб чиқиш зарур.

 

Агар сўровнинг қонуний эмаслигини асословчи қатъий далиллар бўлса, яъни мансабдор шахс ноқонуний ишга қўл урса, унинг устидан шикоят қилиш керак, Шунда жавобгарлик ва/ёки суд даъвосининг олдини олиш мумкин бўлади. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 50-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишига кўра бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят берилганлиги шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

 

Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида судга мурожаат қилганида давлат божи тўлашдан озод этилади. 

 

Давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

 

Агар давлат органидаги мансабдор шахс ўз талабномасига (суд қарорига) биноан олинган тижорат сирини барибир ошкор этса, унинг жавобгарлигининг бир нечта турлари мавжуд: фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ҳамда жиноий.

 

Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги  Қонуннинг 37-моддаси 4-қисмига кўра, ошкор этилмаган ахборотни қонуний асосларсиз олган ёки тарқатган ёхуд ундан фойдаланаётган шахс ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик оқибатида бу ахборотнинг қонуний эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

 

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги  Қонуннинг 38-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектига етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, бой берилган фойда бу зарарни етказган шахс томонидан тўла ҳажмда қопланиши керак. Зарар етказувчи бўлмаган шахс зиммасига қонунга биноан зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин.

 

Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши натижасида тадбиркорлик фаолияти субъектига етказилган зарарларнинг ўрни давлат томонидан ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан суднинг қарори асосида қопланиши керак. Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари айби билан етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан мазкур мансабдор шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.

 

Маъмурий жавобгарлик. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда Маъмурий    жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари қўлланилиши мумкин: 46-модда (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 1793-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш). Сўнгги модда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш муносабати билан тижорат, банк сирини ва қонун билан қўриқланадиган ўзга сирни ташкил этувчи маълумотларни ғайриқонуний равишда талаб қилиш, олиш ёки ошкор этишдан ҳимоя қилади.

 

Жиноий жавобгарлик. Жиноий кодекс махсус 191-моддани назарда тутади (қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш). У, шунингдек 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва/ёки 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан биргаликда қўлланилиши мумкин.

 

Яна интизомий жазо ҳам қўлланилиши мумкин, аммо у тўлалигича юқори раҳбариятнинг ихтиёрига боғлиқ. Шу билан бирга айнан шу жавобгарлик тури керакли натижаларга олиб келиши мумкин.

 

Шу тариқа, давлат органларининг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш учун қонунчилик асослари мавжуд. Аммо уларни амалиётга жорий қилиш осон иш эмас. Энг асосий қийинчиликлар – далилларни тўплаш ҳамда етказилган зарар (зиён) ҳажмини асослаб бериш. Бой берилган фойда ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Жабр кўрган ташкилотга нафақат юрист, балки юксак маҳоратли бухгалтер хизмати зарур.

 

Кўриб чиқилаётган ҳолатда баъзи далиллар мавжуд: давлат органининг ёзма сўрови; ходимларнинг шахсий маълумотлари юзасидан тақдим қилинган ёзма ахборот; барча ходимлар оғзаки ва ёзма равишда уларни рақобатчи ташкилотга ишга таклиф этишганини тасдиқлашлари мумкин. Шу билан бирга давлат органидаги мансабдор шахснинг мазкур маълумотларни рақобатчиларга ҳақиқатан ҳам етказганини исботлаш талаб этилади. Қолаверса, ушбу ҳолатда ташкилотга моддий зарар етказилмаган, бу эса ўз навбатида айбдор шахснинг жавобгарликка тортилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Кўриниб турибдики, давлат органлари билан бундай мунозаралар жуда мураккаб ва сермашаққат.

 

Бу каби вазиятларда аввал-бошдаёқ ахборотларни тақдим қилишдан сақланиш ва, эҳтимол, давлат органи даъвоси бўйича суд процессига тоқат қилиш маълумотларни ошкор қилиш натижалари бўйича мансабдор шахснинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишдан кўра афзалроқ туюлади (чунки етказилган зарарга ҳақиқатан мос келадиган компенсацияга эришиш анча қийин кечади).

 

Эҳтимол, раҳбарият маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (назаримизда, жиноий жавобгарлик бундай вазиятларда эҳтимолдан узоқ). Энг тўғри қарорни қабул қилиш учун ҳамма нарсани торозуда тортиб кўриб керак. Асосий савол – тижорат сири қанчалик қийматли, у ҳақиқатан ҳам истиқболдаги шундай курашларга арзийдими ёки йўқ?

 

Зумрад Ниязметова

 адвокат.



1 муаллифнинг шахсий амалиётидан.