Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как устранить «уязвимость» персонального кабинета налогоплательщика Какими бухгалтерскими проводками отражаются расчеты с поставщиками и подрядчиками Какие налоговые последствия возникают при экспорте товаров

Томорқа ер участкалари қайси тартибда уч баравар ер солиғига тортилади

26.03.2018


Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 205-сон «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 10.10.2017 йилдаги ПҚ–3318-сон қарори билан томорқа ер участкаларидан фойдаланиш тартибини бузаётган ер эгаларига нисбатан қўлланиладиган чоралар белгиланган:

  • ер солиғининг 3 баробар оширилган миқдори – якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаганда;
  • ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилинади – деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаганда. Шарҳга қаралсин.

 

Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорда бундай ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур санкцияларни қўллаш механизмлари белгиланган.

 

1-босқич. Самарали фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш

 

Туман ҳокимининг қарорига мувофиқ томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг раиси бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилади. Унинг таркибига мазкур кенгаш, шунингдек қуйидаги туман бўлинмалари вакиллари киради: қишлоқ хўжалиги бўлими, сув хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, бандликка кўмаклашиш маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамда профилактика инспектори.

 

Ишчи гуруҳ ҳар йили хонадонма-хонадон юради. Томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳиш ўрганиб чиқилади.

 

Ўрганиш натижалари бўйича ишчи гуруҳ махсус шаклда маълумотнома тўлдиради, ўрганиш натижалари эса умумлаштирилади ва фуқаролар йиғини кесимида тайёрланган маълумотлар туман ҳокимига 10 февралгача тақдим этилади.

 

2-босқич. Прогноз кўрсаткичларни тасдиқлаш

 

Тақдим этилган маълумотлар туман ҳокими томонидан ўрганиб чиқилади ва 15 февралгача томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган экин ва маҳсулот турлари, уларни сотиш ҳажмлари, шунингдек, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари ва паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичларини (кейинги ўринларда прогноз кўрсаткичлар деб аталади) тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Мазкур қарор халқ депутатлари туман кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади (20 февралгача тасдиқланади).

 

Прогноз кўрсаткичлар сектор раҳбарлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан деҳқон хўжаликлари бошлиқларига ва томорқа ер эгаларига уларнинг олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда етказилади.

 

3-босқич. Прогноз кўрсаткичлар бажарилиши мониторингини амалга ошириш

 

Ишчи гуруҳ сектор раҳбарлари билан биргаликда прогноз кўрсаткичлар бажарилиши мониторингини амалга оширади. Қоида тариқасида, мониторинг ишлари экиш (март-апрель, август-сентябрь, ноябрь-декабрь ойлари) ва парваришлаш даври бўйича белгиланади.

 

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар чорак якуни бўйича (кейинги ойнинг 15-санасигача) солиқ имтиёзи сифатида ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини (Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорининг 28-банди) қўллаш бўйича туман ҳокимига таклиф киритади. Бундай таклифлар экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида 2-3 марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига нисбатан киритилади.

 

Туман ҳокими ва кенгаш раиси биргаликда солиқ имтиёзини қўллаш юзасидан туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритади.

 

Агар мониторинг натижаларига кўра прогноз кўрсаткичларда белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, ишчи гуруҳ томонидан огоҳлантириш хати жойида тайёрланади ва унинг бир нусхаси тегишли деҳқон хўжалиги бошлиғи ёки томорқа ер эгасига берилади.

 

Бунда Президентнинг 10.10.2017 йилдаги ПҚ-3318-сон қарорининг талаблари тушунтирилиб, камчиликларни бартараф этиш учун бир ҳафталик муддат белгиланади.

 

Камчиликлар мазкур муддат ичида бартараф этилмаган бўлса, гуруҳ 1 кун муддатда бу ҳақда кенгашга хабарнома киритади, хабарнома огоҳлантириш хатлари билан бирга туман ҳокимлигига тақдим этилади.

 

Туман ҳокими кенгаш раиси билан биргаликда ҳар чорак бўйича кейинги ойнинг 15-санасигача томорқа ер участкаларидан асоссиз равишда самарасиз фойдаланганлик ҳолати юзасидан:

а)  томорқа ер эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг 3 баробари миқдорини қўллашни сўраб туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритади. Бунда томорқа ер эгасига нисбатан йил давомида кўпи билан 1 марта тақдимнома киритилади;

 

б)  деҳқон хўжалигига нисбатан ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 23.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.