Президентнинг 27.07.2026 йилдаги ПҚ-279-сон қарори билан 2026-2027 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди, улар бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжатда кўзланган мақсадлар:
• 2026 йил якунига қадар ялпи ҳудудий маҳсулотни 11,7 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 фоизга, бозор хизматлари ҳажмини 19 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажмини 17,3 фоизга оширишни таъминлаш;
• 2026 йилда 9 миллиард доллар ва 2027 йилда 10 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
• тарихий, маданий ва кўнгилочар объектларни барпо этиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш.
Ҳужжатда тадбиркорликни ривожлантириш, шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш ва иқтисодий фаолликни, шу жумладан ёшларнинг фаоллигини кенгайтириш бўйича комплекс ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган.
2031 йил бошига қадар тажриба доирасида пойтахтнинг ҳар бир туманига лойиҳалар жойлаштириш учун махсус иқтисодий ва саноат зоналаридан ер участкалари шаҳар ҳокимининг қарори билан бириктирилади. Бу ЭИЗ ва туманлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва янги лойиҳалар сонини кўпайтириш имконини беради.
Олмазор тумани Ёшлар маркази биносида Ёшлар креатив парки ташкил этилиб, стартап лойиҳалар қўллаб-қувватланади, ёшларга хорижий тиллар ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш йўлга қўйилади.
Ҳужжатда китоб саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган. Тошкент китоб савдоси уюшмасига аъзо бўлган тадбиркорларга одамлар гавжум жойларда кичик китоб дўконларни очишга рухсат берилади. Улар бозорларда, йирик савдо-кўнгилочар марказларда ва шаҳарнинг марказий кўчаларида ташкил этилади.
Шунингдек, кеча-ю кундуз ишлайдиган истироҳат боғларида китоб кафелари ва "Китоб кўчалари" ташкил этиш режалаштирилган.
Майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо марказларида камида битта китоб дўкони очилади.
Тошкент шаҳрининг сув ресурсларини замонавий ёндашув асосида бошқариш, сув балансини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан қайта фойдаланиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги Сув ресурсларини бошқариш маркази ташкил этилади.
Тасдиқланган ҳужжатлар:
• Тошкент шаҳрининг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми ва таркиби прогноз параметрлари;
• "Тошкент шаҳар саноат зоналари дирекцияси" ва "Саноат ҳудудларини бошқариш дирекцияси" давлат муассасалари билан ҳамкорликда "Тошкент инвестиция компанияси" АЖ томонидан янги механизм асосида қуриладиган кўп қаватли саноат объектлари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





