Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2026 йилдаги «Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 425-сон қарори қабул қилинди.
Таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашни ташкил этишга таълим ташкилотлари раҳбарияти масъул ҳисобланади. Хавфсизлик тизими учун юқори тезликдаги телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш босқичма-босқич таъминланади.
29.11.2025 йилдаги ПҚ-360-сон қарорга мувофиқ, мактаб ва олий таълим муассасалари хавфсизлигини шартнома асосида жисмоний ва техник қўриқлаш тизими орқали таъминлашни назарда тутувчи «Хавфсиз таълим» концепцияси жорий этилмоқда. Бунда таълим ташкилотларида қўриқлаш сигнализацияси, «ташвиш» тугмалари, видеокузатув ускуналари ўрнатилади ҳамда ушбу тизимларга техник хизмат кўрсатиш таъминланади.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари уч ой муддатда таълим ташкилотлари атрофида пиёдалар учун қулай «яшил йўлаклар» ташкил этиш, транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ҳамда ўқувчларнинг хавфсиз келиб-кетишини таъминлаш чораларини кўриши лозим.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш ва «Хавфсиз таълим» концепциясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





