Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ўқувчилар мусиқа чолғуларида куй ижро этишга ўргатилади

04.02.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 02.02.2022 йилдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилдинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

Белгиланишича, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида:

  • ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади;
  • “Мусиқа” фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факультатив дарслари ўтказилади;
  • миллий чолғулардан камида биттасида, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиш “Мусиқа” фани ўқитувчилари учун мажбурий ҳисобланади.

 

Умумий ўрта таълим муассасаларига мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида у ердаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасалари мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимига тўлиқ ставкада ишга қабул қилишга рухсат берилади.

 

Маданият вазирлиги ҳайъати қарори билан умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида маданият ва санъат соҳасидаги давлат мукофотлари билан тақдирланган ижодкорлар раҳбарлигида уларнинг “маҳорат мактаблари” ташкил этилади.

 

Бунда мактаблар раҳбари бўлган ижодкорлар Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан асосий иш жойи орқали ҳар ойда БҲМнинг 15 баравари миқдорда қўшимча моддий рағбатлантириб борилади.

 

Барча давлат органлари, муассасалари ва корхоналарига ҳар чоракда камида бир маротаба бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш, концерт, цирк ва театрларга кириш учун билет ва абонементларни харид қилиш амалиётини жорий этиш тавсия қилинади.

 

Қарор билан юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда айланмадан солиқни ҳисоблашда солиқ солинадиган база ушбу ташкилот ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ўтказиш, шу жумладан, ушбу тадбирларга кириш учун билетлар харид қилишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади, бунда мазкур чегириладиган маблағлар солиқ солинадиган базанинг 2%идан ошмаслиги лозим.

 

Миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этадиган ташкилотлар учун айланмадан солиқ ва ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар 1% этиб белгиланади.

 

Молия вазирлигига қарорда амалга оширилиши белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига 2022 йилда жами 50 млрд сўм, шундан, 25 млрд сўмни 2022 йил 1 мартга қадар, қолган 25 млрд сўмни ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилишига қараб ажратиш топширилди.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини автобус ва юк транспорт воситалари ва туман (шаҳар) маданият бўлимларини махсус автотранспорт воситаси билан таъминлаш билан таъминлаш режаси.

 

Бундан ташқари, қуйидагилардан иборат 2022 йилда республика миқёсида ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаси тасдиқланди:

  • 2022 йилда Ўзбекистон Республикасида халқаро ва республика миқёсидаги фестивалларни ўтказиш режа-жадвали;
  • 2022 йилда Маданият вазирлиги томонидан “Маданият карвони” шаклида ҳудудларда концерт-томоша тадбирларини ўтказиш режа-жадвали;
  • 2022 йилда Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги бадиий жамоалар томонидан унинг ҳудудий бўлимлари билан бирга концерт-томоша тадбирларини ўтказиш режа-жадвали;
  • 2022 йилда Ўзбекистон миллий ва давлат симфоник оркестрлари, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ижодий (бадиий) жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарларини ташкил этиш режа-жадвали.

 

Лола Абдуазимова.