Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzПроект постановления: как борьба с теневой экономикой может способствовать ее росту Увеличились минимальные размеры пенсий и пособий Что изменится с внедрением МСФО (IFRS) 18 Как учитывать реализацию гостиничных услуг Какие признаки трудовых отношений не должны содержаться в гражданско-правовых договорах

Ўсимликлар карантини соҳасида назорат кучайтирилади ва жавобгарлик оширилади

29.03.2018


Президентнинг 28.03.2018 йилдаги «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унинг иловаларсиз матни ЎзАда жойлаштирилган.

 

Ҳужжатда 4 та асосий муаммо қайд этилган:

  • миллий қонунчилигимиз халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқ эмас, бунинг натижасида хорижий ҳамкорлар маҳаллий маҳсулотларимизни ўз давлатларининг бозорларига олиб киришни рад этишмоқда, чет элдан молиявий ва грант маблағларини жалб этиш эса мураккаблашмоқда;
  • минтақаларда экспортга жўнатиладиган ҳамда чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар мавжуд эмас;
  • ўсимликлар карантини соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, мутахассисларнинг касбий маҳоратлари, уларнинг ушбу соҳадаги иш кўникмалари оширилиши таъминланмаяпти;
  • ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати бўлинмаларининг моддий-техник таъминоти заиф, жойлардаги ходимлар карантин тадбирларини ўтказиш учун зарур ускуналар билан таъминланмаган ҳамда уларнинг молиявий ва ижтимоий таъминоти етарли даражада эмас.

 

Муаммоларни ҳал этиш учун идоралараро ишчи гуруҳ тузилди. Гуруҳ зиммасига Ўзбекистоннинг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномаларга, шу жумладан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга (Рим, 1951 йил) қўшилиши бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди. Гуруҳ, шунингдек, қонунчиликнинг ўсимликлар карантини соҳасидаги барча халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди ва хорижий давлатлар (Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Арманистон, Таиланд, Япония, Малайзия, Сингапур, Туркия, ГФР, Латвия, Бангладеш, Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқалар) карантин хизматлари билан ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича битимларни тузиш масаласини ишлаб чиқади.

 

Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига (кейинги ўринларда – Инспекция) қўшимча 176 штат бирлиги ажратилди. Улардан 121 нафари ўсимликлар карантини бўйича туман ва шаҳар инспекторлари, 55 автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги почтамтдаги пункт инспекторларидир. Хизмат мажбуриятларини бажаришда улар махсус формали кийим-бош ва тегишли фарқловчи белгиларини кийиб юрадилар (Вазирлар Маҳкамаси 2 ой муддатда уларнинг намуналарини тасдиқлайди). Уларнинг иши баллик тизим бўйича баҳоланади. Юқори баллар учун инспекторлар қўшимча тўловлар олишлари мумкин бўлади (белгиланган устама ва қўшимча тўловлардан ташқари):

  • 70 баллдан 80 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим маошига 50%гача;
  • 80 баллдан 90 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим маошига 100%гача;
  • 90 баллдан 100 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим маошига 150%гача.


1.12.2019 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда зарур лаборатория ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозланиш таъминланади.

 

Ҳар бир минтақада ўсимликларнинг агротехник, биологик ва кимёвий ишловини амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида камида 2 тадан ўсимликлар клиникаси ташкил этилади. Клиникалар 1.07.2018 йилдан 1.01.2022 йилга қадар ер солиғи, юридик шахсларнинг даромад ва мол-мулк солиғидан ҳамда ягона солиқ тўловларини тўлашдан озод этилади.

 

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида, унинг Нукус ва Термиз шаҳарларидаги филиалларида, Андижон қишлоқ хўжалиги институтида ҳар 3 йилда камида 1 маротаба ўтказиладиган Инспекция ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади. Биринчи навбатда инспекторлар қайта тайёрланади. Бундан ташқари, Тошкент давлат аграр университетида ўсимликлар карантини ва ҳимояси кафедраси ташкил этилди.

 

Бу муҳим! Инспекцияга ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига нисбатан маъмурий жавобгарликни янада кучайтириш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 107, 108-моддалрига қаралсин) бўйича таклифлар киритиш алоҳида топширилди.
 
 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.